12353 нафар фуқаролар манзилига етказилди

Коронавирус инфекциясининг аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида хориждан олиб келинаётган барча юртдошларимиз маълум муддатга вақтинча карантинда сақлаш мажмуаларига жойлаштирилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу даврда ўтказилган тиббий кузатувлар ва диагностик таҳлиллар натижасига кўра, тождор вирус инфекцияси аломатлари аниқланмаган юртдошларимизга доимий яшаш манзиллари томон кетиши учун рухсат берилади.
Самарқанд шаҳридаги Хишрав қўрғони ҳудудида жойлашган карантин марказидаги 308 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аломатлари аниқланмади. Эндиликда улар ўз яшаш манзилларига қайтиш мумкин. Ҳамюртларимизни марказлашган тарзда манзилига етказиш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси томонидан махсус автобуслар ташкиллаштирилди. Ушбу автобусларда самарқандликлар ўз уйларигача элтиб қўйилган бўлса, бошқа вилоятлар аҳолиси Самарқанд темир йўл вокзалидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган махсус йўловчи поездларда яшаш манзиллари томон йўл олишди. Йўловчиларга Самарқанд шаҳридаги автокорхоналарнинг 15 дан зиёд транспорт воситалар хизмат кўрсатди.
Бундан ташқари, Самарқанд темир йўл вокзалида Чирчиқ шаҳридаги карантин марказидан қайтган 59 нафар фуқаро кутиб олиниб, махсус ташкиллаштирилган автотранспорт воситаларида манзилларига етказилганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим.
Яна бир статистик рақамларни маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз. Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб 12 август санасига қадар 12 353 нафар юртдошларимиз Самарқанд халқаро аэропорти ва Самарқанд темир йўл вокзалида кутиб олинди ҳамда яшаш манзилларига беминнат етказилди. Уларнинг аксарияти самарқандликлар бўлса, қолганлари қашқадарёлик ва сурхондарёликлардан иборат. Албатта, хизмат кўрсатувчи барча транспорт воситаларида белгиланган талаблар даражасида зарарсизлантириш ишлари бажарилганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш керак.
Жорий қилинган карантин чекловлари вақтида йўловчи ташишга мўлжалланган транспорт воситаларининг тўхтатилганлигини ҳисобга олиб, юртдошларимизга беминнат хизмат кўрсатиш мақсадида вилоятимиздаги 15 автокорхонанинг 615 та автобуслари йўлга чиқишди. Жумладан, «Севинч-транс-сервис», «Дилшод-транс-сервис», «Афросиёб-транс-сервис», «Азизавтойўловчитранс», «Сухроб-транс-сервис», «Азиз-Ҳилола-автотранс», «Азим-логистиктехсервис», «Шер», «Самарқанд Ҳамкортранс», «Аббос Багир», «Мавлонали-престиж», «Бинафша-транс-сервис», «Жаҳон Ишонч», «Архидея-моторс» маъсулияти чекланган жамиятлари ҳамда «Тохир-Р» хусусий фирмаси шулар жумласидан.
Кези келганда ушбу корхоналарнинг барча ходимлари ва ҳайдовчиларига самимий миннатдорлик изҳор қилмоқчимиз.