17 августдан жамоат транспорти ҳаракати қайта тикланади


Жорий йилнинг 17 августидан бошлаб республика махсус комиссияси қарорига асосан вилоятлараро, шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус қатновларига рухсат берилади. Ушбу қарордан келиб чиқиб, Самарқанд вилоятида ҳам ушбу санадан бошлаб автобуслар ҳаракати қайта тикланади.
Автобуслар йўналишга чиқишдан олдин ҳайдовчилар тиббиёт ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилади. Бунда ҳайдовчи ва паттачиларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37°С ва ундан юқори бўлган ҳолатда транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйилмайди. Шунингдек, ҳайдовчиларни тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши, автобус салонига ниқобсиз йўловчиларни киритмаслик, имкон қадар ижтимоий масофа сақлашга ҳам эътибор қаратилади. Транспорт воситалари белгиланган талаблар асосида доимий равишда – йўналишга чиқишдан олдин, сўнги бекатларда дезинфекцияланиши вилоят транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан назорат қилиб борилади.
Карантин чекловларига қадар вилоят миқёсида 209 та йўналишда 847 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатиб келаётган эди. Шундан 54 та йўналишда 469 та автобус Самарқанд шаҳрида фаолият юритган бўлса, қолган 155 та йўналишда 378 та автобус шаҳарлараро ва вилоятлараро қатнов жадвалига асосан ҳаракатланган.
17 август кунидан бошлаб Самарқанд шаҳрида 47 та йўналишда 150 та автобус йўналишга чиқарилиши режалаштирилган эди. Аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжи ҳисобга олиниб, транспорт воситаларининг сони 250 та қилиб белгиланди. Самарқанд шаҳри ва туман марказларини боғловчи ҳамда туманлар ички йўналишларида яна қўшимча 250 та автобус аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди.
Шу ўринда барча юртдошларимиздан автобус салонларида тирбандликни юзага келтирмасликни, хавфсизлик нуқтаи назаридан антисептик воситалардан фойдаланишни, ниқобсиз салонга чиқмасликни сўраб қоламиз.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати