ТАКСИЛАР ОДАМЛАРНИ “ДОСТАВКА” ҚИЛА БОШЛАДИ

04.05.2020

Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ карантин қоидалари бир мунча юмшатилди.

Хусусан, фуқароларга – иш жойига бориб келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни харид қилиш учун соат 07:00 дан 10:00 га ҳамда 17:00 дан 20:00 га қадар барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситалари (йўловчилар билан бирга), шу жумладан велосипед ва мототранспортларда махсус рухсатномасиз ҳаракатланишига рухсат берилди. Бироқ одам ташиш фаолияти билан шуғулланишга эмас.

Баъзи ҳайдовчилар берилган имкониятдан “унумли” фойдаланиб қолиш мақсадида шахсий автомобилларида шаҳар кўчалари бўйлаб ноқонуний одам ташиш фаолиятини йўлга қўйган бўлса, бундан руҳланган йўналишсиз такси (сариқ такси) ҳайдовчилари гуёки етказиб бериш хизматини амалга ошираётгандек “одамларни доставка” қила бошлашди.

Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда вилоят Санитария осойишталик маркази ходимлари карантин қоидаларига хилоф равишда иш тутаётган ҳуқуқбузарларни аниқлаш мақсадида вилоят миқёсида рейд тадбирлари ўтказишмоқда.

Ўтказилаётган тадбирларда ноқонуний одам ташиш, белгиланган санитария-гигена қоидаларига риоя қилиш, тегишли ҳужжатларсиз автотранспорт воситасини бошқариш, техник ва тиббий кўрик ўтказилганлиги тўғрисидаги йўл варақалари бор/йўқлиги ҳолатлари ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, карантин қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддасида тегишли тартибда жарима белгиланган.

Карантин даврида белгиланган тариб-қоидаларга амал қилинг. Вазиятдан фойдаланиб қолиш мақсадида мўмайгина даромад қиламан деб, оилангизнинг моддий аҳволига зарар етказманг.

Заруратсиз ҳолларда уйдан чиқманг!