Автотранспорт воситаларининг оғирлиги ва габаритлари назорат қилинади

Ўзбекистон ҳудудида автомобил йўллари тармоғини сақлаш ва автомобил транспортининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, автомобил йўлларининг таъмирлараро муддатларгача бузилишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 28.05.2020 йилда «Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 337-сон қарорини қабул қилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
Катта ҳажмли ваоғир вазнли транспорт воситаларининг йўналиш бўйича ҳаракатланишидан олдин автомобил йўлларини ўрганиш тартиби тўғрисидаги низом;
2020-2022 йилларга мўлжалланган вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктларини қуриш, модернизациялаш ва замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича тадбирлар дастури.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш, махсус техника харид қилиш ва сақлаш бўйича буюртмачи ҳисобланади. Молиялаштириш Қўмита фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Қўмитага уч ой муддатда қуйидагилар ишлаб чиқилишини таъминлаш вазифаси топширилди:
Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш турғун (стационар) ва кўчма пунктларини қуриш ҳамда жиҳозлаш лойиҳаларининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини (асосларини);
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидалари талабларини таъминлаш шарти билан вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш турғун ва кўчма пунктларининг намунавий лойиҳаларини.
Қўмита халқаро амалиётдан келиб чиқиб хорижий юк автотранспорт воситаларининг республика автомобил йўллари бўйлаб ўтиши километрини ёки ва вақтини ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилайди. Шунингдек бунинг учун ҳақ ундириш бўйича техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқади.
Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктлари уч хил бўлади:
стационар;
кўчма;
автоматлаштирилган (фото ва видео суратга олиш функцияларига эга автоматлаштирилган тарзда ишловчи махсус воситалардан фойдаланувчи назорат пункти).
Ҳужжат 29.05.2020 йилдан кучга кирган.
Manba: norma.uz