Жамоат транспорти ҳаракати қайта тикланди

09.06.2020

“COVID-2019” вирусининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 май санасидаги йиғилиш қарорига мувофиқ Самарқанд вилоятида “яшил” ва “сариқ” ҳудудларга кирган шаҳар ва туманларда жамоат транспорти (дамас ва микроавтобус фаолияти бундан мустасно) қатновига рухсат берилди.

Шу муносабат билан Самарқанд вилояти Қурилиш бошқармаси мажлислар залида жамоат транспорти ва йўналишсиз таксиларга қўйилаётган талаблар юзасидан семинар тренинг бўлиб ўтди. Семинар тренингда вилоят ҳокими котибияти мудири Э.Вафаходжаев, вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Каржавов ва бошқарманинг бўлим бошлиқлари, Вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари подполковник Х. Умаров ҳамда СЭОМ вакиллари, транспорт корхоналари раҳбарлари иштирок этишди.

 

Семинар тренингда жамоат транспорти фаолиятини қайта тиклаш баробарида санитария талабларига риоя қилиш долзарб масалалардан бири эканлиги, шунинг сабабли ҳар бир ҳаракатни амалга оширишдан олдин етти ўлчаб, бир кесиш лозимлиги ҳақида сўз борди.

Бундан ташқари карантин талаблари юмшатилсада, аммо ҳар доим сергак бўлишимиз керак. Чунки хатар ҳалича тўлиқ чекингани йўқ. Йўл қўйилган хато бизга қимматга тушиши мумкин. Буни ҳар бир транспорт соҳаси вакили ёдда тутмоғи лозим.

Бугун вилоят миқёсида барча транспорт корхоналарида автобусларни йўналишларга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўловчилар оқимини ҳисобга олган ҳолда дастлабки кунларда мавжуд автобусларнинг 30 % фоизи ҳаракатланади ва талаб ортиб бориши билан барча автобуслар йўналишларга чиқарилади.

Транспорт корхоналари раҳбарлари Республика махсус комиссиясининг қарори билан рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Маълумот ўрнида: вилоят бўйича 186 та автобус йўналишлари мавжуд. Шундан Самарқанд шаҳрида 54 та йўналишда автобуслар йўловчиларга хизмат кўрсатган бўлса, шаҳар атрофида 104 та йўналиш ва 28 та шаҳарлараро вилоят ички йўналишларида автобуслар фаолият олиб бормоқда.

Ҳурматли йўловчилар! Транспорт воситасидан фойдаланишда санитария-гигена талабларига риоя қилишингизни илтимос қиламиз. Белгиланган талаблар асосида ҳаракатланинг. Бу Сиз ва атрофдагиларнинг саломатлиги учун фойдалидир.