Жамоат транспорти дезинфекция қилинмоқда

11.06.2020

Ҳаммамизга маълумки, Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, “сариқ” ва “яшил” тоифадаги ҳудудларда йўналишсиз таксилар билан биргаликда автобуслар қатновига ҳам рухсат берилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида ҳам жамоат транспорти ва йўналишсиз таксилар фаолияти тикланди. Албатта, ҳар бир транспорт воситаси белгиланган йўналишга чиқишдан олдин бир қанча санитария-гигиена ва техник талабларни бажариши лозим.

Биринчи навбатда ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтиши лозим. Сўнгра транспорт воситасига қўйилган техник талаблар тўлиқ кўздан кечирилади ва санитария эпидемолик осойишталик маркази ходимлари тавсияси бўйича дезинфекция профилактика ишлари амалга оширилади.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ходимлари йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, санитария-гигиена нормалари талабларининг бажарилишини назорат қилиш мақсадида вилоятдаги автотранспорт соҳасида фаолият юритаётган барча автокорхоналарда транспорт воситаларига қўйилган талабларнинг ижроси юзасидан ўрганиш ишларини олиб боришмоқда. Ҳар бир автокорхона ходими ва ҳайдовчилари билан алоҳида суҳбат ўтказиб, қўйилган талабларга жиддий ёндашиш лозимлигини таъкидлашмоқда.

Шу ўринда йўловчилардан жамоат транспорти ва йўналишсиз таксилар хизматидан фойдаланганда ижтимоий масофани сақлаган ҳолда санитария қоидаларига риоя қилишларини сўраб қоламиз.

Маълумот учун: Эрта тонг соат 5.00 дан бошланган дезинфекциялаш ишлари кун давомида автобусларнинг охирги бекатларида, автобошбекатларда, автовокзалларда ҳам амалга оширилади.