Ўзингиз ва ўзгалар саломатлигига бефарқ бўлманг!

12.06.2020

Ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида қайғуриши лозим. Айниқса, бугунги карантин кунларида. Эътиборсизлик туфайли лоқайдликка берилишимиз, ҳаётимизга катта хавф туғдириши мумкин. Тўғри, карантин чекловлари бир мунча юмшатилди, бироқ инфекция тарқалиш хавфи чекингани йўқ. Бу эса ўз навбатида ҳар биримиздан жуда катта масъулият талаб этади. Айниқса, шахсий санитария-гигиена қоидаларига сўзсиз амал қилиш борасида. Қаерда бўлмайлик ниқоб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш, тиббий қўлқоп бизнинг ажралмас ҳимоячиларимиз бўлиши шарт. Энг аввало, жамоат транспорти хизматидан фойдаланганда. Тўғри аҳоли ўртасида инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча йўналишдаги автобуслар ва йўналишсиз таксиларда хавфсизлик чоралари кўрилмоқда.

Автобусларда Санитария эпидемологик осойишталик маркази ходимлари тавсияси асосида эрта тонг соат 5.00 дан бошланган дезинфекция ишлари кун давомида автобошбекатлар, автовокзалларда давом эттирилмоқда. Йўналишсиз таксилар эса ҳар уч соатда белгиланган талаблар асосида дезинфекция қилинмоқда.

Дезинфекция ишларининг амалга оширилиши Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ходимлари томонидан назорат тадбирлари текширилмоқда. Бундан ташқари бошқарма инспекторлари жамоат транспорти ва йўналишсиз таксиларда ҳайдовчи ва йўловчиларнинг карантин даврида белгиланган талабларга мос равишда ҳаракатланишига ҳам эътибор қаратишмоқда.

Шу ўринда жамоат транспортидан фойдаланганда бепарволик қилмасдан санитария-гигена қоидаларига амал қилишларини сўраб қоламиз. Зеро, эътиборсизлик салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ёдда тутайлик.

Ўзингиз ва ўзгалар саломатлигига бефарқ бўлманг!