Тирбандлик ҳосил қилган автобус салонига чиқманг


Автобус салонида ижтимоий масофани сақлаш билан боғлиқ карантин талабларини бузиб, тирбандлик ҳосил қилган ҳолда йўловчи ташиш, дезинфекция жараёнини “хўжакўрсин”га амалга ошириш ҳолатлари баъзида кўзга ташланмоқда. Бу эса, аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолат сифатида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида республика махсус комиссияси томонидан Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Транспорт вазирлигига автобус рейсларида тирбандликка йўл қўймаслик ҳамда бошқа санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди.
Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси томонидан юқорида айтиб ўтилган камчиликларни бартарф қилиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳрида йўловчилар оқими юқори бўлган йўналишлар бошқарманинг “Автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими” инспекторлари томонидан қаттиқ назоратга олинган. Ҳар бир автобус салони кўздан кечирилиб, белгиланган талаблар ижроси ўрганилмоқда. Ҳайдовчи ва йўловчилар билан ўтказилган суҳбатлар чоғида пандемия даврида белгиланган талабларнинг моҳияти тушунтириб ўтилмоқда.
Ҳурматли йўловчилар! Автобус салонида имкон қадар ижтимоий масофани сақланг. Автобусда йўловчилар сони кўп бўлса унга чиқманг. Яхшиси, навбатдаги автобусни кутинг. Бу ўзингиз ва атрофдагилар учун фойдалидир.
Жамоат транспортидан фойдаланганда тартиб қоидаларга амал қилинг.