ТАНҚИДДАН ТЎҒРИ ХУЛОСА ЧИҚАРИЛДИ

26.06.2020

Фаолияти қайта тикланганига ҳеч қанча вақт ўтмаган бўлсада, жамоат транспорти ва унинг атрофида танқидлар кўпая бошлади. Кимдир дезинфекциядан норози, яна кимдир автобусдаги йўловчиларнинг кўплигидан (баъзилари таксиларга икки нафар йўловчи олиш учун рухсат берилганлигидан) норози. Бошқалари эса қайтим берилмаяпти, “Tezcard”дан фойдалана олмаяпмиз... Гуёки, камчиликларнинг охири йўқдек.

“Самаркандский вестник” газетасининг 2020 йил 17 июндаги 40-сонида “Спасибо за автобусы, но будьте добры...”, номли танқидий мақоласи чоп этилди. Унда автобусларнинг дезинфекция қилинмаётганлиги, валидаторларнинг ишламаётганлиги ҳақида фикр юритилган бўлса, “Зарафшон” газетасининг 2020 йил 23 июндаги 68-сонида ҳамда “Zarnews.uz” телеграмм каналида Дилмурод Тўхтаев ҳамда Бахтиёр Мустановлар ҳаммуаллифлигида “Нега автобусларда Tezcard” ишламаяпти?” номли мақола чоп этилди. Мақола муаллифларига ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Журналистлар сўраб-суриштирган, гувоҳи бўлган, эшитган воқеалар ҳақида сўз юритиб, ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб мушоҳада қилишган.

Жамоат транспорти ҳамда унинг атрофида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимини топиш мақсадида ҳамда оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолаларда кўрсатилган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари ва соҳага алоқадор автокорхоналар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди. Республика махсус комиссияси талаблари билан бир қаторда автобус салонида имкон қадар ижтимоий масофани сақлаш, тирбандликка йўл қўймаслик, санитария-гигиена қиодаларига риоя қилиш лозим эканлиги таъкидланди. Келгусида бундай ҳоллар такрорланмаслиги учун автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган ҳар бир ишчи ходим белгиланган талабларга сўзсиз риоя этиши айтиб ўтилди.

Ҳар бир автокорхона раҳбари автобусларнинг дезинфекциялаш ишларига масъул. Автобусларга йўналишнинг сўнги бекатида зарарсизлантирувчи воситалар билан ишлов берилишига шахсан жавобгарсиз. Ижросини бошқарма инспекторлари назорат қилиб боради, - деди Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими бошлиғи Э.Муродов. Автобусларнинг дезинфекцияланиши нафақат йўловчиларнинг, балки ўзимизнинг саломатлигимизни асраш учун ҳам муҳим эканлигини эсдан чиқармайлик. Шу билан биргаликда йўловчиларга қайтим бермаслик, “Tezcard” тўлов карталари учун мўлжалланган валидаторларнинг ишламаслиги, автобусларнинг техник талабларга мос келмаслиги, ҳайдовчиларнинг кийиниш маданиятига риоя этмаслик ҳоллари аниқланса, белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланиши ҳақида огоҳлантирамиз.

Шу ўринда барча йўловчилардан жамоат транспортидан фойдаланганда зарурий санитария қоидаларига, карантин талабларига риоя қилишини сўраб қоламиз. Қолаверса, жамоат транспорти учун мўлжалланган қоидаларга – автобус салонига киришда орқа эшикдан фойдаланишни, манзилга етганда олд эшиклардан чиқишни, шовқин кўтармасликни, телефонда ва ўзаро баланд овозда сўзлашмасликни, ҳаракат вақтида ҳайдовчининг эътиборини тортмасликни сўраб қоламиз. Ҳар бир амалга оширилган нотўғри ҳаракат салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эсдан чиқарманг.

Агар автобусда одам тирбанд деб ҳисобласангиз, кейингисини кутишни тавсия қиламиз.

Автобус салонини ифлослантирмаслик, ундаги жиҳозларга зарар етказмаслик ҳам йўловчилар зиммасидаги вазифа эканлигини унутмаслик керак. Кенг жамоатчилик учун мўлжалланган автобуслар хизматидан сиздан кейин ҳам фойдаланувчилар борлигини ёдда тутинг!

Биз танқидга қарши эмасмиз. Ҳар бир исботи билан кўрсатилган камчилик келажакда шу муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Йўл қўйилган камчиликлар билан бир қаторда йўловчиларнинг жамоат транспортидан фойдаланишдаги мажбуриятларини ҳам баъзида ўз саҳифаларингизда ёритиб боришингизни илтимос қилган бўлардик.