Огоҳ бўлинг, қоидани бузманг!

Пандемия даврида юртимизда шаҳарлараро ва вилоятлараро автобусларнинг ҳаракатига вақтинча ўрнатилган чеклов натижасида ноқонуний одам ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар кўпайиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида йўлларда салбий воқеаларга сабабчи бўлаяпти. Эътибор қилган бўлсангиз, кейинги кунларда вақтдан унумли фойдаланиб мумайгина даромад олиш илинжида бўлган ҳайдовчилар орасида жисмоний ва ақлий жиҳатдан чарчаш аломатлари кузатилиб, йўл транспорт ҳодисаси билан боғлиқ аянчли ҳолатлар қайд этилаяпти. Бунинг натижасида кўплаб инсонларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва ноқонуний одам ташиш фаолияти билан шуғулланишга чек қўйиш мақсадида ҳайдовчилар ўртасида тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилаяпти.
Йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш ҳамда шаҳарлараро таксилар фаолиятини легаллаштириш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорликда ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришмоқда. Тадбир давомида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишнинг муҳим жиҳатлари, ноқонуний йўловчи ташиш фаолиятига чек қўйиш ва белгиланган тартибда фаолият юритиш, карантин қоидаларига амал қилиш ҳақида сўз юритилаяпти.
Тарғибот ва ташвиқот гуруҳи аъзолари Самарқанд шаҳридан Тошкент шаҳрига ҳамда Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятларига йўл олган йўловчилар тўпланувчи бекатларда бўлиб, ҳайдовчиларга масаланинг қанчалик муҳим эканлиги таъкидлашмоқда. Ноқонуний фаолият олиб боришга чек қўйиш, нархларни сунъий равишда кўтариб юбормаслик, транспорт воситасини бошқаришда ўта эҳтиёткор бўлиш каби масалалар билан бир қаторда ҳайдовчиларнинг ҳам фикрлари эшитилиб уларни қийнаётган муаммолар юзасидан тегишли тавсиялар берилаяпти.
Шунингдек, тушунтириш ишлари “Мараканд экспресс” маъсулияти чекланган жамияти ходимлари ўртасида ҳам олиб борилди. Вилоятлараро қатнови йўлга қўйилиши кутилаётган автобусларнинг ҳайдовчиларига Республика махсус комиссияси томонидан қўйилган талабларнинг мазмун моҳияти тушунтириб ўтилди. Хусусан, дезинфекция ишларини ўз вақтида амалга ошириш, тиббий ниқоб ва қўлқоп билан ҳимояланиш қанчалик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Йўл транспорт ҳодисасининг олдини олиш мақсадида керакли тавсиялар бериб ўтилди. Шу билан биргаликда Самарқанд автобошбекатида жамиятга тегишли бўлган автобусларнинг техник жиҳатлари ҳам кўздан кечирилди.