Яна қайтим муаммоси ...

06.07.2020

 МУНОСАБАТ

 

200, 500 сўмлик банкнотларнинг муомаладан чиқарилиши натижасида транспорт кохоналари ҳайдовчилари йўловчиларга қайтим бермаслик ниятида “майда пул йўқ” дея жавоб бериш ҳоллари учраб турибди. Бу эса ўз навбатида аҳолининг норозилигига сабабчи бўлиб қолди.

Жорий йилнинг 3 июль санасида “Zarnews.uz” телеграмм каналида Самарқанд шаҳрининг ички йўлларида қатновчи 64-рақамли йўналишдаги автобус ҳайдовчисининг хатти-ҳаракатлари танқид остига олинган. Бундан ташқари “pastdarg’omliklar” телеграмм каналида ҳам қайтим борасида салбий фикрлар ўртага ташланди. Ушбу танқидлар юзасидан facebook тармоғидан фойдаланувчилар ҳам ўз фикрларини баён этишди. Айтилган фикрларнинг барчаси ҳақиқатдир.

Билдирилган танқидий фикрлар юзасидан Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ходимлари жойларда ўрганиш ишлари олиб боришмоқда. Юзага келган вазият бўйича ҳар бир автокорхона раҳбари билан суҳбат ўтказилди. Муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолатлар ўрганилиб, унинг бартараф қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Муаммонинг ечими сифатида банкларга мурожаат қилиниб, 2018 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик қийматдаги тангалар билан барча автобуслар таъминланди.

Шу ўринда барча йўловчиларга мурожаат қилмоқчимиз. Ҳурматли йўловчилар! Агар автобусларда қайтим берилмаслик ҳолатларига ёки бошқа бир муаммога дуч келсангиз Самарқанд вилояти транспорт бошқармасининг (66) 233 31 38 ёки (93) 834 01 10 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг. Шу билан биргаликда (93) 834 01 10 рақамидаги телеграмм ботига хабар йўллашингиз мумкин. Бундан ташқари, жамоат траспортидан фойдаланганда нақд пулсиз тўлов усулидан фойдаланишини тавсия қиламиз. Бу борада “Tezcard” электрон тўлов тизими жорий қилинган. Бу ҳам нақдингизни, ҳам вақтингизни тежайди.

Жамоат транспортида йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш учун Сизнинг ҳар бир фикрингиз биз учун муҳим.

“Сухробтранссервис ХАТУ” маъсулияти чекланган жамиятига қарашли 64 йўналишда юзага келган вазият бўйича корхона ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Барча ҳайдовчиларга ўз вақтида қайтим бериш, йўловчиларга нисбатан хушмуамолада бўлиш вазифаси юкланди.

Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!