18-19 июль кунлари йўналишсиз таксилар ҳаракати тўхтатилади

17.07.2020

Ҳаммамизга маълумки, Самарқанд вилояти махсус комиссияси томонидан коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида бир қатор чекловлар жорий этилди. Жамоат транспортининг тўхтатилиши баробарида йўналишсиз таксилар ҳаракати ҳам куннинг муайян вақтида (транспорт воситаларига 7.00 дан 10.00 гача, 17.00 дан 20.00 гача) амалга оширилиши белгиланди. Бунинг натижасида вақтдан унумли фойдаланиб мўмай даромад олувчилар ҳам топилиб қолди. Айни вақтда “ўзи хон, кўланкаси майдон” бу ҳайдовчилар томонидан белгиланган тартиб-қоидани бузиш баробарида нархларни ҳам сунъий равишда ошириб юбориш ҳоллари кузатилмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳоли орасида норозиликлар келтириб чиқараяпти.

Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси, вилоят ИИБ ЙҲХБ, вилоят Давлат солиқ инспекцияси ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида қўшма рейдлар олиб боришмоқда. Унда нархларни сунъий равишда оширишга йўл қўймаслик, белгиланган вақтлардан ташқари йўловчи ташиш билан шуғулланмаслик, санитария қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият юритиш масалалари ҳар бир ҳайдовчига тушунтирилаяпти. Санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаган, белгиланган вақтлардан ташқари йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар тегишли тартибда огоҳлантирилмоқда.

 

Шу билан биргаликда, ҳайдовчилар жорий йилнинг 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, шунингдек, автотранспорт воситаларининг, (махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно) шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида огоҳлантирилаяпти.