25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари йўналишсиз таксилар ҳаракати тўхтатилади

24.07.2020

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилояти махсус комиссияси томонидан коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш мақсадида вилоятда бир қатор чекловлар жорий этилди. Жумладан, йўналишсиз таксилар ҳаракатига куннинг муайян вақтида, яъни эрталаб соат 7.00 дан 10.00 гача, кечки вақт соат 17.00 дан 20.00 гача рухсат берилди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида вилоят махсус комиссияси талабларининг ижроси юзасидан назорат тадбирлари олиб боришмоқда. Унда нархларни сунъий равишда оширишга йўл қўймаслик, белгиланган вақтлардан ташқари йўловчи ташиш билан шуғулланмаслик, санитария қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият юритиш масалалари ҳар бир ҳайдовчига тушунтирилаяпти.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги 139-сонли қарорида белгиланган талаблар - автотранспорт воситасининг тепасига ўрнатилган тўқ сариқ рангли фонарга “TAXI” (плафон) таниш белгиси ўрнатилганлиги, шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлган композиция ва автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги “Т” ҳарфининг мавжудлиги, автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги юридик шахс - ташувчининг номи ёзилганлиги, йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган махсус сериядаги автотранспорт воситасининг давлат рақами белгисида бўлиши ўрганилмоқда. Шунингдек, йўналишсиз таксилар сифатида ишлашга сариқ рангда, олд ойнанинг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли ёритиш чироғи, автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати, иш вақтининг бошланиши ва тугаши, йўлкира қиймати (сўмларда), ташувчининг манзили ва телефон рақами, лицензия карточкасининг рақами ва амал қилиш муддати тўғрисида ҳамда мажбурий суғурта қилинганлик ҳақидаги маълумотнома ва ҳисоблагич (таксометр) билан таъминланганлиги ҳам кўздан кечирилмоқда.

Юқоридаги талабларни бузган, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаган, тегишли ҳужжатларга эга бўлмасдан фаолият олиб бораётган, белгиланган вақтлардан ташқари йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчиларга нисбатан далолатнома расмийлаштирилаяпти. Шу билан биргаликда, ҳайдовчилар жорий йилнинг 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, шунингдек, автотранспорт воситаларининг, (махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно) шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида огоҳлантириш берилмоқда.