Йўналишсиз таксилар, рейдлар, жарималар

10.08.2020

Жамоат транспорти ва йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш борасида вилоят транспорт бошқармаси томонидан самарали ишлар амалга оширилаяпти, десак муболаға бўлмас. Йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар бошқарма нозирлари томонидан жойида ўрганилиб, бартараф этилмоқда. Ташувларни амалга оширишда муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида вилоят миқёсида белгиланган тартибда назорат тадбирлари ўтказилаётганлиги юқоридаги фикримизнинг исботидир.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг биргина июнь - июль ойларида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан 41 маротаба рейд тадбирлари амалга оширилди. Тадбирлар давомида 106 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли тартибда баённомалар расмийлаштирилганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Қайд этилган қоидабузарлик ҳолатларидан 91 таси тегишли тартибда кўриб чиқишлик судларга тақдим этилган бўлса, қолган 15 таси вилоят транспорт бошқармасида маъмурий тартибда расмийлаштирилган. Маъмурий судлар томонидан қоидабузарлар 81 395 000 сўм миқдорида жаримага тортилди. Эътиборли жиҳати шундаки, судлар томонидан жаримага тортилгач, ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 58 нафар қоидабузар ўз фаолиятини қонуний тарзда олиб бориш учун ҳужжат расмийлаштириб, тегишли тартибда лицензияга эга бўлишди.

2020 йилнинг биринчи ярим йиллик статистикасига эътибор қарасак, январь – июнь ойлари ҳолатига жами 484 та рейд тадбирлари ўтказилган. Унда жами бўлиб 2042 та баённома ва 683 та далолатномалар расмийлаштирилган. 2042 та қоидабузарлик ҳолати ўрганиб чиқишлик учун маъмурий судларга тақдим қилинган. Натижада қоидабузарларга нисбатан суд органлари томонидан 1 766 717 500 сўм миқдорида жарима белгиланди. 471 нафар ноқонуний одам ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар фаолиятини қонунийлаштирганлиги ўтказилаётганган назорат тадбирларининг самарасидан даракдир.

Ўтказилаётган рейдлар давомида нафақат ноқонуний одам ташиш фаолияти, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 139-сонли қарори талаблари ижроси ҳам кўздан кечирилмоқда. Қарорда белгиланган талаб ва шартларга риоя этмаганлиги учун жорий йилнинг июн-июл ҳолатига 360 та далолатнома расмийлаштирилган бўлиб, 57 та автокорхонанинг лицензияси ҳамда 212 та автокорхонада 234 та лицензия варақаларининг амал қилиш муддати 10 (ўн) иш кунига тўхтатилди. Мазкур муддат оралиғида лицензиатлар зиммасига қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мажбурияти юклатилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, йўналишсиз таксилар билан боғлиқ муаммолар ҳали етарлича. Олдинда ечимини кутаётган масалалар талайгина.

Вилоят транспорт бошқармаси ходимлари юзага келаётган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида барча автокорхоналарда бўлиб, мунтазам равишда тушунтириш - тарғибот ишлари олиб боришмоқда. Суҳбатлар чоғида транспорт соҳасини ислоҳ қилишда инновациялардан фойдаланишнинг долзарблиги, транспорт воситасини техник кўрикдан, ҳайдовчини тиббий кўрикдан ўтказилишида бепарволик, лоқайдликка берилмаслик, ҳозирги пандемия вақтида республика махсус комиссияси талабларига сўзсиз риоя қилиниши билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси Ахборот хизмати