Ниқобсиз йўловчи салонга киритилмайди

Карантин чекловларини юмшатиш борасида республика махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилинганлиги ҳаммамизга маълум. Унга кўра, бир қанча фаолият турлари билан бир қаторда жамоат транспорти ҳаракатининг қайта тикланиши ҳам кўзда тутилди. Жорий йилнинг 17 августидан бошлаб вилоятлараро, шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус қатновларига рухсат берилади. Шу сабабли бугун - 14 август куни Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси мутасаддилари вилоятда мавжуд автокорхоналар раҳбарлари иштирокида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда йиғилиш ўтказди. Унда асосий масала жамоат транспортини белгиланган талаблар даражасида йўналишларга чиқариш хусусида тўхталиб ўтилди.
Бу талабларга асосан йўналишга чиқишдан олдин ҳайдовчи ва паттачиларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37°С ва ундан юқори бўлган ҳолатда транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймаслик таъкидланди. Шунингдек, ҳайдовчиларни тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши, автобус салонига ниқобсиз йўловчиларни киритмаслик, имкон қадар ижтимоий масофа сақлашга ҳам эътибор қаратилди. Бундан ташқари, транспорт воситалари доимий равишда – йўналишга чиқишдан олдин, сўнги бекатларда дезинфекцияланиши борасида топшириқлар берилди.
Шу билан биргаликда, энг асосий масала – ҳайдовчиларнинг йўловчиларга муомаласи, кийиниш маданияти, оралиқ регламент масалаларига ҳам танқидий тарзда муҳокама қилинди.
Жамоат транспортидаги яна бир оғриқли нуқталардан бири бу қайтим масаласи. Бу муаммони ечими сифатида банкларга мурожаат қилиб, танга шаклидаги 200, 500 сўмлик қийматдаги пулларни олиш ва ҳайдовчиларни улар билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати