Йўналишли такси (Микроавтобус ва Дамас) ҳайдовчилари диққатига!

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси барча йўналишли таксилар (Микроавтобус ва Дамас) ҳайдовчиларини карантин қоидаларни бузмасликка чақиради.
Ўтказилган кузатувлар натижасига кўра, жойларда республика махсус комиссиясининг қарорини нотўғри талқин қилиш ҳоллари учрамоқда. Жорий йилнинг 17 августидан бошлаб жамоат транспортига йўловчи ташиш учун рухсат берилиши баробарида йўналишли таксиларда (Микроавтобус ва Дамас) ҳам йўловчи ташиш ҳоллари кўзга ташланаяпти. Бироқ махсус комиссияси томонидан жорий йилнинг 12 августида қабул қилинган қарорда ушбу фаолият турига рухсат этилгани йўқ.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Махсус комиссия томонидан йўналишли таксиларга рухсат берилмагунга қадар йўловчи ташиш карантин қоидаларни бузиш ҳисобланади. Буни ёдда тутинг. Карантин қоидаларини бузиш эса тегишли тартибда жаримага тортилишингизга сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун карантин даврида белгиланган талабларни бузманг.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги томонидан йўналишли таксилар фаолиятини қайта тиклаш борасида республика махсус комиссиясига таклифлар киритилган. Ўйлаймизки, бу таклифлар албатта, ижобий натижа беради.