2-12 сентябр кунлари автобуслар соат 5.00дан бошлаб ҳаракатланади

28.08.2020

Бу йилги кириш имтиҳонлари бошқача тарзда ўтказилаётганлиги эътиборга олинган ҳолда аҳолига 2-12 сентябр кунлари тезкор, қулай ва сифатли транспорт хизматини кўрсатиш муҳим. Ушбу кунларда йўловчилар оқимини кескин суратда ўсишини инобатга олсак автобус йўналишлари жадвалига ўзгартириш киритиш лозим. Аммо абитуриентларга хизмат кўрсатиш баробарида аҳолининг транспортга бўлган эҳтиёжини ҳам қондириш керак.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармасида юқоридаги масалалар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда бошқарма мутасаддилари билан бир қаторда Самарқанд шаҳрида автотранспорт соҳасида фаолият юритаётган корхона раҳбарлари иштирок этди.

Бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказишни самарали ташкил қилиш бўлиб турибди. Бу борада амалга оширилган ишлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилмоқда. Ўйлайманки, бундан барчанинг хабари бор. Ўз навбатида олий таълим муассасаларига ўтказилиши режалаштирилаётган кириш имтиҳонлари бизнинг зиммамизга катта вазифа юклайди. Ушбу кунларда биз ҳам аҳолига, ҳам абитуриентларга сифатли хизмат кўрсатишимиз керак, деди бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ж.Каржавов кириш сўзида ҳамда ўзининг таклифларини ўртага ташлади.

Бўлиб ўтган муҳокамалардан сўнг 2-12 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида абитуриентларни манзилга етказиш учун алоҳида йўналишлар ташкил қилиниши белгиланди. Ушбу йўналишларда автобуслар эрталабки 5.00дан кечки 21.00гача ҳаракатланади. Шу ўринда яна бир маълумот. 2-12 сентябр кунлари йўл кира нархларини сунъий равишда оширилишини олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг 12 та ҳудудида автобуслар абитуриентлар учун хизмат кўрсатади. Ушбу қўшимча автобуслар Даҳбет кўчасида (Банк коллежи), Университет хиёбонида (Регистон Плаза меҳмонхонаси), Сиёб АББда (Кафтархона), Тарих музейида (Поворот), Ҳазора АББда, Буюк Ипак йўли кўчасида (Нарпай кўчаси чорраҳаси), Саттепо масканида (Туризм коллежи), Фарҳод шаҳарчасида (Ширин МФЙ), Қорасув масканида, Улуғбек расадхонасида, Сиёб бозорида (Йўл ўтказгич кўприк ости), Кимёгарлар шаҳарчаси (“Нурафшон” ўйингоҳи)да ташкиллаштирилади. Ҳар бир автобус қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳақида махсус йўл кўрсатгичига эга. Ушбу автобуслардан фақатгина абитуриентлар фойдаланиши мумкин. Автобусларга 25 нафардан ортиқ йўловчи ташиш таъқиқланади. Ота-оналар ёки бошқа ҳамроҳлар автобусларга чиқарилмайди.

Автобусларнинг санитария қоидаларига риоя қилиши, йўловчилар сони вилоят транспорт бошқармаси масъул ходимлари ҳамда инспекторлари томонидан назорат қилинади.

Аҳоли учун жамоат транспорти одатдаги жадвал бўйича хизмат кўрсатади.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси Ахборот хизмати