ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Йўл ҳаракати билан боғлиқ аянчли ҳолатлар ҳамиша кўнгилсиз оқибатларга олиб келган. Ҳайдовчининг биргина хатоси қанчадан-қанча инсонларнинг ёстиғини қуритган ёки бир умрга тўшакка михлаб қўйганлиги ҳам айни ҳақиқатдир. Энг ачинарлиси, бундай нохуш ҳолатлар йўналишли таксилар иштирокида содир этилаётганлигида.
Агар статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, биргина сентябр ойининг 20 санасига қадар йўналишли таксилар билан боғлиқ 3 та тўқнашувлар содир этилиб, ўлим билан тугаш ҳоллари қайд этилган. Бундай аянчли тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида вилоятимиз бўйлаб тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Шундай тадбирларнинг бири “Афрос транс” маъсулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтди. Унда вилоятимизда мавжуд бўлган автокорхоналарнинг раҳбарлари иштирок этишди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати бошқармаси ходимлари томонидан ташкил қилинган ушбу тарғибот тадбирида асосий урғу йўлларда содир этилаётган аянчли ҳолатларнинг олдини олишга қаратилди. Етарли тажрибага эга бўлмаган, йўл ҳаракати белгиларининг мазмун-моҳиятини тушуниб-тушунмай ҳаракатланаётган, ҳайдовчилик маданиятини унутиб қўйган ҳайдовчилар шошма-шошарлик оқибатида содир этаётган аянчли ҳолатлар кескин танқид остига олинди. Бунда автокорхоналар раҳбарларининг айби мисоллар тариқасида келтириб ўтилди. Шу билан биргаликда йўналишсиз таксиларда республика махсус комиссияси томонидан белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилинмаётганлигига ҳам алоҳида тўхтаб ўтилди. Автокорхона раҳбарларига карантин қоидаларига зид равишда йўловчи ташиш ҳолатларига барҳам бериш вазифаси юклатилди. Шунингдек, ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан тайёрланган йўлларда содир этилаётган аянчли ҳолатларни акс эттирувчи видеолавҳа йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Унутманг, сиз нафақат ўзингиз учун балки сизга ўзининг энг қимматли бойлигини ишониб топширган йўловчининг манзилига соғ-омон етиб олиши учун жавобгарсиз!