Жамоат транспорти: муаммо ва ечим


Жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар бугунги ёки кечаги эмас. Йиллар давомида йиғилиб келаётган камчиликлардир. Самарқанд вилояти ҳокимлигида 7 октябрь куни бўлиб ўтган ҳокимлик соатида вилоятда аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни янада яхшилаш масаласи танқидий таҳлил этилганди. Унда соҳага алоқадор мутасаддиларга жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларни атрофлича ўрганиш вазифаси топширилган.
Ҳақиқатан ҳам жамоат транспорти ва йўналишли таксиларда аҳолига кўрсатилаётган хизматни сифатли деб бўлмайди. Агар холисона фикр юритадиган бўлсак, автобусларнинг ташқи ва ички жиҳатдан тозалиги, ҳайдовчиларнинг белгиланган талаблар асосида ҳаракатланиши, автобошбекат ва сўнги бекатларда дезинфекцияланиш жараёни худдики хўжакўрсинга олиб борилаётгандек. Бироқ, бу билан жамоат транспорти ўз ҳолига ташлаб қўйилди деган фикрдан йироқмиз. Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ходимлари томонидан автобус ва йўналишсиз таксиларнинг белгиланган талаблар асосида фаолият юритиши юзасидан доимий назорат ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир автокорхона раҳбарлари ва ҳайдовчилари билан бевосита мулоқот ўтказилиб, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари қидирилмоқда. Шунингдек, жамоат транспорти атрофида юзага келаётган муаммоларни бартараф қилишдан кўра, унга йўл қўймаслик чоралари изланмоқда.
Ҳайдовчиларнинг кийиниш ва муомала маданияти, автобусларнинг санитария-гигиена талабларига мос келиши, қайтим бериш, “Tezcard” электрон тўлов карталари учун валидаторларнинг мавжуд ва ишчи ҳолатда эканлиги ҳамда бошқа бир қанча муаммоли масалалар юзасидан Самарқанд вилояти транспорт бошқармасида вилоятдаги автокорхоналар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилди. Ижтимоий тармоқларда жамоат транспорти ва йўналишсиз таксилардан норози бўлиб айтилаётган фикрлар, аниқланган қоидабузарликлар атрофлича таҳлил қилиниб, муаммоларга барҳам бериш шарт ва зарур эканлиги белгиланди.