Баённома расмийлаштириш юзасидан ўқув-семинар

Маълумки, 2020 йилнинг 24 июль санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармон имзоланди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишлик ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш белгиланди.
Эндиликда ноқонуний йўловчи ташишга қарши курашда тузиладиган баённомалар жиноят ишлари бўйича судларда кўриб чиқилади. Ушбу тузиладиган баённомаларни хуқуқий жиҳатдан мукаммал тузиш, асослантирувчи ҳужжатларда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги муҳим саналади. Шу сабабли вилоят транспорт бошқармасида вилоят жиноят ишлари бўйича суди судьяси В.Файзуллаев ҳамда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари А.Олтибоев иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судъяси В.Файзуллаев ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида назарда тутилган Фармони билан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб суд тизимида ўзгаришлар бўлганлигини билдириб ўтди.
Жумладан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш ва фармонда белгиланган бошқа ўзгаришлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Шунингдек, В.Файзуллаев ўз сўзида юқорида назарда тутилган ўзгаришлар, албатта, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ўзининг ижобий самарасини беришини таъкидлади.
Вилоят транспорт бошқармаси инспекторлари томонидан расмийлаштириладиган маъмурий баённомаларни судларга юбориш, уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида батафсил маълумот бериш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раисининг ўринбосари А.Олтибоев сўзга чиқди.
А.Олтибоев бошқарма инспекторларига амалдаги қонун ҳужжатларига, яъни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 20-бобида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённоманинг мазмуни, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани жўнатиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага илова қилинадиган ҳужжатлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг бошқарма инспекторлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди. Ҳуқуқбузарлар билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тўлдириш жараёнида содир бўладиган баъзи ҳолатлар, яъни ҳуқуқбузарларнинг баённомага имзо қўйишдан бош тортиши, зарур ҳужжатларни тақдим қилмаслик, воқеа жойидан ўзбошимчалик билан кетиб қолиши, инспекторларга хизмат вазифасини бажаришга фаол қаршилик кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва бурчлари билан танишмаслик каби ҳолатларда қандай йўл тутиш ва мазкур ҳолатларни қай тартибда расмийлаштириш бўйича аниқ маълумотларга эга бўлишди.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати