Самарқандда бошланган ишлар охирига етказилмайди... (ми?)

25.01.2021


Муносабат.

SAMYOSHJURNALIST телеграм канали орқали А.Носиров муаллифлигида “Самарқандда нега бошланган ишлар охирига етказилмайди?” сарлавҳаси остида жамоат транспортига нисбатан танқидий фикрлар билдирилган. “Танқид – келажакнинг меваси” эканлигини инобатга олсак, муаллифнинг ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб билдирган фикрлари таҳсинга лойиқ. Чунки жамоатчилик фикри ва таклифлари жамланиб, умумий хулосага келинади. Келажакда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик чоралари кўрилади.

Энди бевосита журналист А.Ҳомидовнинг эътирозларига сабаб бўлган омиллар тўхталиб ўтсак.

Сиз ўз мақолангиз орқали санаб ўтган вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари “шунчаки автобусларда сайр қилгани” йўқ. Йўловчи ташиш транспорти ва унинг атрофидаги муаммоларга ечим топиш мақсадида шаҳар автобус йўналишларида ўрганишлар ўтказилди. Бунинг натижаси ҳамда давлат раҳбарининг 2020 йил 30 ноябрда берган топшириғидан сўнг жамоат транспортини ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқди. Ушбу лойиҳа бевосита хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалга оширилаётганлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Амалга оширилаётган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситаларида маълумотлар бериб борилаётганлигини ҳам таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, соҳани ривожлантириш учун ишлаб чиқарилаётган лойиҳалар юзасидан матбуот анжумани ва брифинглар ташкил қилиб борилаётир. Мисол қилиб оладиган бўлсак, 2020 йил 24 декабр санасида вилоят Матбуот уйида жамоат транспортини тубдан ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани (https://t.me/zarnews_uz/30377, https://www.facebook.com/samarqandviloyatitransportboshqarmasi/posts/3615237235226279, https://telegra.ph/ZHamoat-transporti-rivozhlantiriladi-12-24, http://dy.uz/pje7g, https://t.me/gazetauz_uzb/8955 ) бўлиб ўтди. Ундаги соҳани ривожлантиришга қаратилган режалар тўғрисида батафсил тўхталиш баробарида оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Шунингдек, жорий йилнинг 15 январь куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган брифингда транспорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва галдаги режалар хусусида батафсил ахборот берилди. Менимча, бундан хабарингиз бўлмаса керак. (?) Акс ҳолда вилоят ҳамда шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларини “Хўжакўрсинга буйруқни бажарганми?” дея маъсулиятсизликда айбламаган бўлармидингиз?..

Энди бевосита ҳайдовчилар орасида муомала ҳамда ҳайдовчилик маданиятига тўхталсак. Бу соҳанинг энг оғриқли муаммоларидан бири эканлиги шубҳасиз. Бунда ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар талайгина. Бундан шунчаки кўз юмиб бўлмайди. Юқорида айтиб ўтганимиз, Самарқандда жамоат транспортини ислоҳ қилишда ҳайдовчилар масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Олиб келиниши режалаштирилган янги замонавий талабларга жавоб берадиган автобусларга юқори малакали ҳайдовчилар танлов асосида ишга қабул қилинади.

Оралиқ бекатлардаги туриб қолиш ҳолати ҳақида. Автобусларнинг белгиланган жадвал асосида ҳаракати билан боғлиқ масалаларни ечиш мақсадида бошқарманинг инспекторлари томонидан имкон қадар назорат тадбирлари олиб борилаяпти. Бундан ташқари, автотранспорт соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларида бевосита тарғибот тадбирлари ташкил қилиниб, юзага келаётган муаммолар танқидий таҳлил қилиб борилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Шу билан биргаликда, жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида бошқарманинг ишонч телефонлари мунтазам равишда ишлаб турибди. (66) 233 3138 ҳамда (93) 834 0110 рақамлари орқали йўловчилар билан бевосита мулоқот йўлга қўйилган. Келиб тушаётган мурожаатлар жойида ўрганилиб, муаммога сабаб бўлувчи омиллар бартараф қилинаётир. Яъни, жамоатчилик назорати орқали ҳам йўналишлардаги автобуслар билан боғлиқ муаммоларга барҳам берилмоқда.

Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим, Сиз кўтарган биринчи тиббий ёрдам учун керакли дори-дармонлар қутиси, белгиланмаган жойда йўловчи олиш, қувиб ўтиш қоидаларни бузиш, тезликни белгиланган меъёрдан ошириш каби масалалар вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари томонидан назоратга олинган.

Жамоат транспортига бефарқ бўлмаганингиз учун ташаккур.

Ҳурмат билан Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати