“SIMETRA” САМАРҚАНДДА

2020 йил 30 ноябрда Президент иштирокида ўтказилган видеоселекторда жамоат транспортини ривожлантириш масалалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди. Жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳри транспорт тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида мастер-режа ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этиш транспорт вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги зиммасига юклатилганди. Берилган устувор вазифаларни амалга оширишда вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи тузилиб, чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Ҳозирда хорижий мутахассислар билан биргаликда, яъни “SIMETRA” (“А+С Транспроект” ООО) хорижий компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳри транспорт мастер режасини ишлаб чиқиш ишлари бошлаб юборилган. Ушбу режани жамоатчиликка таништириш ҳамда аҳолининг фикрини билиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Шу мақсадда тегишли идора ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида лойиҳа доирасида дастлабки фикрлар алмашинув жараёни ташкил этилди. Унда “SIMETRA” (“А+С Транспроект” ООО) компанияси ҳозирги қадар амалга оширган лойиҳалари билан бир қаторда Самарқанд шаҳри учун ишлаб чиқилаётган лойиҳа ҳақида сўз борди.
Ҳозирда барча йўналишлар, кўчалар, сфетофорларнинг ишлаш тартиби, автобекатлардаги ҳолат билан танишдик. Керакли хулосалар олинди. Лойиҳа доирасида бу жуда муҳим маълумотлар саналади. Самарқанд шаҳри транспорт тизимини яхшилаш борасида лойиҳа ишлаб чиқиш ишлари бошланди. Ҳозирда маълумот тўплаш ҳамда мавжуд ҳолатни ўрганиш мақсадида компаниямизнинг соҳавий ходимлари Самарқандда бўлиб туришибди. Транспорт вазирлиги мутахассислари, Транспорт университети ҳамда Жиззах Политехника институти ўқитувчилари билан ҳамкорликда жойларда бўлиб, мавжуд ҳолатни кўздан кечирдик. Бундан ташқари бизга жамоатчиликнинг фикри жуда муҳим. Шунинг учун http://samarkand-transport.uz/uz/#timeline сайти ташкил қилинди. Ушбу тармоқ орқали амалга оширилаётган ишларни чоп этиш баробарида жамоатчиликнинг фикрини ҳам ўрганмоқчимиз. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида сайт икки тилда – ўзбек ва рус тилларида ишламоқда. Барча самарқандликлардан ушбу сайт орқали Самарқанд транспорт тизимини яхшилашда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида фикрларини қолдиришларини илтимос қиламиз, дейди “SIMETRA” (“А+С Транспроект” ООО) компанияси директори Кристиан Бёттгер.
Транспорт оқимини моделлаштириш ва транспорт тизимини комплекс режалаштириш соҳасида етакчи ўринда турувчи “SIMETRA” (“А+С Транспроект” ООО) компанияси Самарқанд шаҳри транспорт мастер режасини ишлаб чиқиши юзасидан келишувга эришилганди.
Лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳар агломерациясида барча транспорт турлари учун стратегик ривожланиш режаси, транспорт инфратузилмасини (шу жумладан ақлли транспорт тизимини) комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўловчи, пиёдалар ва велойўлакчалар, жамоат ва юк ташиш инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган олтита кичик дастур амалга оширилади.
Замонавий транспорт тизимининг пайдо бўлиши шаҳарга янада жозибадорлик бағишлаши билан биргаликда аҳоли учун қулайлик яратади. Бундан ташқари, Самарқанд машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади, шунинг учун транспорт фаолияти шаҳарнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.
Бундай режанинг мавжудлиги транспорт тизимини режалаштириш ва моделлаштириш соҳасида янги авлод мутахассисларини тайёрлаш самарадорлигига таъсир қилади.
Жамоат транспортини замонавий талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтириш лойиҳадан асосий ўрин эгаллаган. Бир-бирини такрорловчи йўналишлар қайтадан кўриб чиқилади. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати яхшилаш, уларга қулайликлар яратишга асосий урғу берилади. Самарқанд шаҳар автобус йўналишларида ҳаракатланаётган автобуслар янгиланиши кўзда тутилган.
Эслатиб зтамиз, http://samarkand-transport.uz/uz/#timeline сайти орқали ўз фикрингизни билдиришингиз мумкин. Бу жуда муҳим.