ЛИЦЕНЗИЯСИЗ ФАОЛИЯТ - ҚОНУНГА ХИЛОФ!

09.02.2021

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан жойларда ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад йўловчи ташиш фаолиятини қонунийлаштиришдир.

Агар статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, ИИБ ЙҲХБ билан ҳамкорликда биргина январ ойида ноқонуний йўловчи ташишнинг олдини олиш мақсадида 92 маротаба назорат тадбирлари ўтказилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида 382 та баённома расмийлаштирилиб, қонуний баҳо бериш учун судларга юборилган. Шундан 291 нафарига чора кўрилган бўлса, 20 таси иш жараёнида, қолганларига ҳужжат расмийлаштирилмоқда. Натижада, 196 нафар ҳайдовчи ўз хоҳишига кўра, фаолиятини қонуний тарзда давом эттириш мақсадида лицензия олган.

Назорат тадбирлари давомида нафақат ҳуқуқбузарликни аниқлаш, балки ҳайдовчилар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Шу билан биргаликда лицензия олиш тамойилларидаги ўзгаришлар ҳам ҳайдовчиларга батафсил тушунтирилмоқда. Хусусан, йўловчи ташиш фаолияти учун берилаётган рухсат турларидан баъзиларининг бирлаштирилганлиги ҳайдовчиларга яратилаётган имкониятлардан далолатдир.

Шу билан биргаликда йўналишли ва йўналишсиз такси ҳайдовчилар ўртасида ҳам тушунтириш ишлари давом эттирилаяпти. Тадбирлар давомида ташувларда амал қилиниши лозим бўлган талаблар – санитария қоидалари, ҳайдовчилик маданияти, йўловчилар билан хушмуомалада бўлишнинг қанчалик муҳимлигига ҳам эътибор қаратилмоқда.

Тарғибот тадбирлари бутун вилоят миқёсида кенг йўлга қўйилган.