АВТОБУСЛАРДАГИ МУАММОЛАР БАРТАРАФ ҚИЛИНМОҚДА

10.02.2021

Йўловчи ташиш фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташувларда белгиланган санитар қоидаларга амал қилиш бугунги куннинг долзарб масалалардан бири. Ташувларда сифат даражасини кўтариш, автотранспорт воситаларини тўлиқ техник кўрикдан, ҳайдовчиларни малакали тиббий ходимлар кўригидан ўтказиш, уларнинг муомала маданиятини ошириш давр талабидир. Йўловчилар билан мулоқотга киришишда хушмуомалалик ҳайдовчидан ўта профессионалликни талаб қилади. Ҳар бир айтилаётган ортиқча сўз муносабатнинг бузилишига сабаб бўлиши табиий. Бундан ташқари, автотранспорт воситасининг санитария қоидаларига жавоб бермаслиги ҳам йўловчиларнинг норозилигига олиб келиши мумкин.

Жамоат транспортидаги муаммоларни бартараф қилиш мақсадида Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси “Автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими” инспекторлари томонидан жойларда йўловчи ташиш фаолиятини олиб бораётган ҳайдовчилар ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Унда йўловчилардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш чоралари кўрилаяпти. Айниқса, жамоат транспорти – автобуслар билан боғлиқ камчиликларни бартараф қилишга жиддий эътибор қаратилган. Тарғибот жараёни билан биргаликда автобусларнинг ҳолати кўздан кечирилиб, йўловчилар билан мулоқот ўтказилмоқда.

Автобусларнинг санитария аҳволи кўздан кечирилиши билан биргаликда, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ниқобда бўлиши, электрон тўлов карталари учун валидаторларнинг мавжудлиги, қайтимларни ўз вақтида қайтариш, йўловчилар билан мулоқотга киришишда хушмуомала бўлиш каби талаблар борасида тушунтириш берилмоқда. Йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлувчи омилларни келтириб чиқарган ташувчи корхоналар раҳбарлари тегишли тартибда огоҳлантирилмоқда.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати