ҲАЙДОВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ПОЙМОЛ ҚИЛМАСЛИК ЛОЗИМ

11.02.2021

Бугунги ошкоралик ва шаффофлик билан олиб борилаётган сиёсат давлат ташкилотларида ишлаётган ходимлардан ўта билимдонлик ва маҳорат талаб қилмоқда. Шу билан биргаликда ҳуқуқий жиҳатдан билим ва кўникмани шакллантириш долзарб вазифалардан биридир. Айнан юқори малакали кадрлар ўз ишини мукаммал даражада бажара олиши ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Ҳар бир ходимнинг одилона фикр юритиши, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш давомида хушмуомалада бўлиши, мансаб ваколатидан фойдаланиб уларга тазйиқ ўтказмаслик, ўз манфаати йўлида топшириқлар ёки илтимослар қилмаслик бугунги кун талабидир. Ушбу талабларга риоя қилган ходимнинг аҳоли ўртасида нуфузи ортиб бораверади.

Ходимларнинг ҳуқуқий билим даражаси, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунча бериш, инсонпарварлик анъаналарига садоқат руҳини шакллантириш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармасида навбатдаги ўқув соати бўлиб ўтди.

Бунда ходимларга ижро интизомига риоя қилмаслик, ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилиш ҳолатлари ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳаракатларни амалга ошириш ва уларга имкон берувчи омилларга аралашининг ҳуқуқий оқибатлари тушунтириб ўтилди.

Айниқса, рейд тадбирларини ташкил жараёнида йўловчилар ва ҳайдовчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмаслик лозимлиги ўқтирилди. Шу билан биргаликда расмийлаштирилаётган ҳар бир баённомада “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ иш юритиш ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш лозимлиги таъкидланди.