Транспорт ва йўловчи оқими ўрганилмоқда

11.03.2021

Аввал хабар берганимизга қарамасдан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Жиззах Политехника институти профессор-ўқитувчилари, магистрантлари ҳамда транспорт бошқармаси ходимлари ҳамкорликда транспорт ва йўловчи оқимини ўрганиш ҳолатларини турлича талқин қилиниб, тармоққа жойланмоқда. Бу ўз навбатида турлича муҳокамаларга сабаб бўлаяпти. Шу ўринда барча самарқандликлардан ушбу ҳолатни тўғри қабул қилиб, мутахассисларга ҳалақит бермасликларини сўраб қоламиз.

Шу ўринда амалга оширилаётган иш ҳақида икки оғиз сўз юритсак: 2021 йилнинг 1 март санасидан бошлаб Жиззах политехника иститути профессор-ўқитувчилари, магистрантлари ва талабалари жамоат транспорти, автобошбекатлар, бекатларда бевосита йўловчилар оқимини аниқлаш, йўл-кўча тармоқларида жамоат транспортини тартибга солиш ҳамда унинг жадаллигини ҳамда транспорт оқимини аниқлаш юзасидан ўрганишлар олиб боришмоқда. Тўпланаётган маълумотлар аҳоли учун қулай бўлган транспорт тизимини яратишда жуда муҳим. Ишчи гуруҳ муайян вақт давомида ҳар бир автобуснинг бош бекатдан сўнги бекатгача сарфлаган вақтини, хизмат сифатини, оралиқ бекатлардаги тўхталишларни ўрганиб чиқади. Шу билан биргаликда кун давомида, айниқса тиғиз вақтларда йўловчи ва транспорт оқими ҳақида маълумотлар йиғади. Ушбу маълумотлар хорижий мутахассислар билан биргаликда муҳокама қилиниб, қулай транспорт тизимини яратиш учун ишлаб чиқилаётган янги лойиҳада фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, ишчи гуруҳ видеокамера, планшет ва бошқа тасвирга олиш воситаларидан фойдаланган ҳолда маълумот йиғмоқда.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати