ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛГАН ЁЛҒОН МАЪЛУМОТЛАР ЮЗАСИДАН РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Бугунги кунда Самарқанд шаҳри ҳамда унга кириб келувчи кўчаларда транспорт ва йўловчилар оқимини ўрганиш бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу ишларга Тошкент давлат транспорт университети ҳамда Жиззах политехника институти докторант ва магистрантлари жалб этилган.
Улар ўз тадқиқот ишлари давомида турли техник ускуналар фото-видео камералар ва планшетлардан фойдаланишмоқда. Ушбу жараёнлардан бехабар бўлган айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса вазиятни нотўғри талқин қилиб, ҳақиқатдан йироқ бўлган ёлғон ахборотларни тарқатишмоқда.
Тадқиқот ишлари давомида автомобиль ҳайдовчилари ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ вазиятлари тасвирга олинмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Фото-видео камералар ва планшетлар ёрдамида ёзиб олинган маълумотлар фақатгина мастер режа тадқиқотлари доирасида фойдаланилади.
Олиб борилаётган тадқиқот ишларининг мақсади Самарқанд шаҳри транспорт тизимини истиқболли ривожлантириш мастер режасини ишлаб чиқишдан иборатдир.
Тадқиқот жараёнларини олиб бораётган мутахассисларнинг фаолияти юзасидан саволлар туғилган тақдирда Самарқанд вилояти транспорт бошқармасига мурожаат этишингиз мумкин.