Ноқонуний фаолият олиб бориш қонун талабларига зид

Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ инспекторлари ҳамкорликда ноқонуний йўловчи ташишнинг олдини олиш мақсадида вилоят миқёсида рейд тадбирлари ўтказишмоқда. Рейд давомида аниқланган лицензиясиз йўловчи ташиш ҳолатлари юзасидан баённомалар расмийлаштирилиб, ҳайдовчиларга фаолиятини қонунийлаштириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар, вилоятда 216 марта қўшма рейд тадбирлари ўтказилиши натижасида жами 903 та автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, белгиланган тартибда МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб қонуний чора кўриш учун тегишли маъмурий судларга юборилган.
Шу жиҳат ҳам аҳамиятлики, ўтказилган рейд тадбирлари натижасида 529 нафар ҳайдовчи фаолиятини қонунийлаштириш учун лицензия олган.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Ноқонуний фаолият олиб бориш қонун талабларига зид эканлигини унутманг!