ҲАШАР - ЭЛГА ЯРАШАР!

13.03.2021

Бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб Наврўз байрамига муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда нишонлашга бағишланган "Обод ва кўркам маҳаллам" шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтмоқда.

Барча жойларда бўлгани каби Самарқанд вилояти транспорт бошқармасида ҳам умумхалқ ҳашари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Бошқарма биноси ва унга туташ ҳудудлар саранжом-саришта ҳолатга келтирилиб, атрофдаги ариқлар ичи, автотураргоҳ ҳудудлари чиқиндилардан тозаланди. Дарахтларга шакл берилиб, атрофдаги шох-шаббалардан тазаланда ҳамда гулларга ишлов берилди.

Албатта, бу каби ҳашарлар инсонларни бир-бирига мурувватли бўлишга, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ушбу эзгу тадбирга давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва муассаса ходимлари ҳам ўзларининг муносиб улушларини қўшишмоқда.

Жумладан, вилоятимизда мавжуд автокорхоналар ҳам ҳамжиҳат бўлиб, эрта тонгдан ҳашарда фаол иштирок этмоқда. Ҳашар давомида атроф-муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш каби юмушлар бажарилмоқда.

Ушбу тадбир ишчи ходимлар орасида кўтаринки кайфият билан ўтаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳашар ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик рамзи сифатида шаклланган меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Доно халқимиз “Ҳашар – элга ярашар!” деб бежизга айтишмайди. Ҳашар кунларида барча атроф-муҳитнинг тозалигига ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади. Чунки тозалик соғлик гаровидир.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати