САМАРҚАНДДА ТРАНСПОРТ ТИЗМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ДАСТЛАБКИ МУҲОКАМА БЎЛИБ ЎТДИ.

06.04.2021

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига асосан “Самарқанд шаҳрининг транспорт тизимини комплекс режалаштириш мақсадида моделлаштиришни жорий этиш” бўйича  бир қатор устувор вазифалар белгиланган эди. Шу билан биргаликда, Фармонга мувофиқ хорижий компания ва мутахассисларни жалб этган ҳолда транспорт тизимининг тегишли кўрсаткичлари бўйича янгиланиб бориладиган рақамли базани такомиллаштириш, транспорт тизимининг математик моделларини ишлаб чиқиш, шаҳар транспорт тизимини қисқа ва ўрта муддатли режалаштириш механизмини жорий этиш назарда тутилган.

Берилган устувор вазифаларни ижросини таъминлаш юзасидан тузилган вилоят ишчи гуруҳининг бугунги кунга қадар амалга оширган ишлари ҳамда келгусидаги режалари юзасидан Самарқанд вилояти қурилиш бошқармаси мажлислар залида муҳокама бўлиб ўтди. Унда соҳага алоқадар ташкилот ва муассасаларнинг масъул ходимлари иштирок этиб, Самарқандда транспорт тизимини ривожлантириш, айниқса жамоат транспортининг хизмат сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ҳамда режалаштирилган ишлар хусусида сўз борди.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида Россиянинг “SIMETRA” компанияси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилаётган Самарқандда транспорт тизимини ривожлантириш лойиҳасининг дастлабки маълумотлари йиғилиш иштирокчиларига тақдим этилди.

Хорижлик мутахассислар томонидан транспорт логистикасини тубдан ўзгартириш, яъни автомобил йўллари ва ундаги йўл кўрсатгичларни жорий ҳолатдан келиб чиқиб ўзгартириш, светофорларнинг ўтказувчанлигини ошириш орқали тирбандликларни камайтириш, йўловчилар оқимини ҳисобга олган ҳолда жамоат транспорти ҳаракати йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда ундаги хизмат сифатини яхшилаш борасидаги таклифларини ўртага ташлади.

Муҳокама жараёнида Самарқанд шаҳрининг тарихий қадамжоларини ҳисобга олган ҳолда йўлларни кенгайтиришнинг имкони йўқлигига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги, пиёдалар учун хавфсиз кесиб ўтиш йўлаклари барпо этилиши жуда муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.