АҲОЛИ МУАММОЛАРИ БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА

16.04.2021
Жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илхом Маҳкамов Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани “Шўртепа” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси вакиллари билан учрашди.
Чекка қишлоқлар аҳли турмуш шароити, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш аҳволи қандайлиги, кишиларни кўпроқ қандай муаммолар қийнаётгани билан жойида танишиш жуда муҳим.

Туман марказидан 20,2 км масофада жойлашган “Шўртепа” маҳалласи таркибидаги 4 та қишлоқда жами 3102 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 555 та хонодон, 749 та оила ва 2 та мактаб мавжуд бўлиб, ҳудуд аҳолисини транспорт қатнови билан боғлиқ масала қийнаб келаётган эди.

Транспорт вазири топшириғига асосан “Шўртепа” маҳалласини туман маркази билан боғловчи автобус йўналишини ташкил этиш ва ушбу йўналишда қатновни йўлга қўйиш билан боғлиқ масала ижобий ҳал этилди.

Туманда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркор “Зилола Ўктам қизи” МЧЖ раҳбари ва вилоят транспорт бошқармаси ходимлари “Шўртепа” МФЙ раиси ва маҳалла фаоллари таклифлари асосида “Пайариқ АББ – Шўртепа – Челак шаҳри” шаҳар атрофи автобус йўналишини ташкил этиш, ҳаракат жадвали ва оралиқ интерваллари тўғрисида келишиб олди.

Жорий йилнинг 15 апрелидан бошлаб, “Пайариқ АББ – Шўртепа – Челак шаҳри” шаҳар атрофи автобус йўналишида “Зилола Ўктам қизи” МЧЖ томонидан автобус қатнови йўлга қўйилди.