ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИДА КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

Жорий йилнинг 18 апрелидан бошлаб Республика махсус комиссияси томонидан бир қатор чекловлар жорий қилинди. Унга кўра, эндиликда жамоат транспортида йўловчилар сони 50 фоизга қисқартирилиб, автобуслар сонини ошириш бўйича талаб қўйилди.
Республика махсус комиссиясининг қарори ижросини ўз вақтида ҳамда тўлақонли бажариш мақсадида вилоят транспорт бошқармасида ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда ташувчи корхоналар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб берилган топшириқлар хусусида тўхталиб ўтилди.
Жумладан, автобуслар, микроавтобуслар, йўналишли ва йўналишсиз таксиларда карантин қоидаларига сўзсиз амал қилган ҳолда ҳаракатланиш муҳим эканлиги таъкидланди. Шу билан биргаликда барча турдаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳамда йўловчилари тиббий ниқобда бўлиши, антисептик воситаларидан фойдаланиши, карантин қоидаларига жиддий эътибор қаратиши, автобус салонида сунъий тирбандликни юзага келтирмаслик, ниқобсиз йўловчиларни автобус салонига чиқармаслик юзасидан тушунтириш берилди. Юқорида қайд этилган талабларга эътиборсизлик билан қараган ҳайдовчилар қонунда белгиланган тарзда маъмурий жаримага тортилиши юзасидан огоҳлантирилди. Бундан ташқари, автотранспорт воситаларида белгиланган вақтларда дезинфекция ишларини амалга ошириш нақадар муҳимлиги таъкидланди.