Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Инатилла Хамраевнинг ҳайдовчилар ва йўловчиларга МУРОЖААТИ


Республикамизда касалланиш сони камайиб бориши билан карантин қоидалари бироз бўлса-да, юмшатилди. Бироқ, бунинг натижасида карантин қоидаларини умуман унутиш ҳолатлари кўзга ташлана бошлади. Кўчаларда, жамоат жойларида ниқобсиз юриш одат тусига кирди. Оқибатда инфекцияни юқтириш ҳолатлари ортиб бораётганлиги ташвишли ҳолатдир.
Бунинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 17 апрель санасида Республика махсус комиссияси томонидан карантин қоидалари яна кучайтирилиб, бир қатор чекловлар жорий қилинди. Унга кўра, эндиликда жамоат транспорти салонида йўловчилар сонини 50 фоизга қисқартириш, транспорт воситасига ниқобсиз йўловчини киритмаслик, бош ва охирги бекатларда транспорт воситаларини дезинфекциялаш, темир йўл вокзали ва аэропортда карантин қоидаларига амал қилинишини қатъий назоратга олиниши, шу жумладан дезинфекция тадбирларини мунтазам равишда йўлга қўйилиши бўйича талаб қўйилди.
Республика махсус комиссияси қарорини ўз вақтида ҳамда тўлақонли бажариш мақсадида транспорт бошқармаси томонидан вилоятда мавжуд барча автосаройларда ташувчи корхоналар раҳбарлари ҳамда ҳайдовчилар ўртасида карантин қоидаларига жиддий эътибор қаратиш, автобус салонида сунъий тирбандликни юзага келтирмаслик, йўналишли ва йўналишсиз таксилар белгиланган тартибда жиҳозланиб, меъёрдан ортиқ йўловчи олмаслик, ниқобсиз йўловчиларни автотранспорт воситаси салонига киритмаслик юзасидан тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, автотранспорт воситаларини маълум вақтларда дезинфекциялаш нақадар муҳимлиги мисоллар тариқасида тушунтирилмоқда. Ташувчи корхона раҳбарлари ҳамда ҳайдовчилари бошқарма инспекторлари томонидан карантин қоидаларини бузиш маъмурий жаримага сабабчи бўлиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирилмоқда.
Ҳурматли йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар!
Автотранспорт воситаларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар орасида карантин талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари ваколатли органлар томонидан аниқланганда Ўзбекистон Республикаси М.Ж.т.Книнг 54-моддасига асосан фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин. Буни ёддан чиқарманг!
Шу ўринда барча йўловчиларга ҳам мурожаат қилмоқчимиз.
Ҳурматли йўловчилар!
Республика махсус комиссияси томонидан жамоат транспортлари салонида йўловчилар сонини эллик фоизга қисқартириш ҳамда йўналишлардаги автобуслар сонини ошириш бўйича қарор қабул қилинди. Мазкур қарор ҳар бир фуқаронинг саломатлигини сақлаш учун қабул қилинганлигини ҳисобга олган ҳолда карантин қоидаларига амал қилишларингизни сўраб қоламиз. Бугунги кунда касалликка чалиниши билан боғлиқ ҳолат кескинлашиб бормоқда. Касалликнинг “британча” ҳамда “африканча” штаммлари юртимизда аниқланиши 18 апрелдан бошлаб карантин қоидаларига амал қилинишини назорат қилишни янада кучайтирилишига сабабчи бўлди. Бу барчамизни бирдек сергак тортишимизга, ниқоб тақиб, ижтимоий масофани сақлашимиз лозимлигини тақозо этади. Айниқса, жамоат транспортидан фойдаланганда эътиборли бўлинг.
Хусусан, ҳозирги шароитдан келиб чиққан ҳолда жамоат транспортларида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда тирбанд автобусларга чиқмаслигингизни, ҳаракат давомида тиббий ниқоблар ва антисептик воситалардан фойланишингизни сўраб қоламиз.
Ҳурматли йўловчилар! Ўзингиз ва атрофдагиларнинг саломатлигига бефарқ бўлманг!