КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛАЙЛИК!

Жамоат транспортида йўловчи ташиш қоидаларига бир мунча ўзгартиришлар киритилганлиги ҳақида ҳамманинг хабари бор. Ижтимоий тармоқларда, телевидения, радио ва босма нашрларда Республика махсус комиссияси томонидан қўйилган талаблар қайта-қайта такрорланмоқда. Бундан ташқари, барча ташувчи корхоналар раҳбарлари билан бевосита мулоқот уюштирилиб, уларга масаланинг моҳиятига жиддий эътибор қаратиш қанчалик муҳим эканлиги тушунтирилмоқда. Бироқ, олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамасдан автобусларда белгиланган меъёрдан ортиқ йўловчи олиш ҳолатлари учраб турибди.
Шаҳар йўналишлардаги автобуслар салонида тирбандликка йўл қўймаслик ҳамда бошқа санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси ҳамда ИИБ ЙҲХБ ходимлари автотранспорт соҳасида фаолият юритаётган корхоналарда бўлиб, ҳайдовчиларга карантин қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда йўловчиларга хизмат қилиш борасида тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.
Биринчи навбатда ҳайдовчиларни йўналишларга чиқаришдан олдин барча тиббий ва техник кўрикдан ўтказилиши, иш давомида тиббий ниқобдан мунтазам равишда фойдаланиш, ниқобсиз йўловчиларни салонга киритмаслик юзасидан сўнги огоҳлантириш берилди. Эндиликда карантин қоидаларини бузиб ҳаракатланаётган автобуслар, йўналишли ва йўналишсиз таксилар ҳайдовчилари қонунда белгиланган тартибда жарима тортилиши муқарра эканлиги таъкидланди.