"МАҲАЛЛАБАЙ" тизимида иш олиб борилмоқда

Жорий йилда аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда «маҳаллабай» ишлаш тизимини йўлга қўйиш орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, кўмак бериш орқали ҳаётини ўнглаш ва муаммоларини тизимли ҳал этиш ташаббуси илгари сурилди.
Ҳозирда оилаларнинг даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини «хонадонбай» ўрганиш, банд бўлмаган аҳолининг шу жумладан ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи курсларга йўналтириш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланишга амалий кўмаклашишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг замирида халқни рози қилиш, уларни турмуш тарзини тубдан ўзгартириш каби муҳим масалалари ётибди.
Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев бошчилигидаги ишчи гуруҳи вилоятдаги транспорт-логистика тизимини йўлга қўйиш, мавжудларини ривожлантириш билан бир қаторда Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳолининг ижтимоий турмуш тарзига эътибор қаратди. Жумладан, Темирйўлчи, Лоҳутий, Халқобод ҳамда Бирлик маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари билан суҳбат ўтказди.
Маҳалла фаоллари билан суҳбат чоғида аҳолини қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусидаги таклифларини тинглади ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратди.