Йўловчи ташиш транспортларида назорат тадбирлари давом этмоқда

08.07.2021

Йўловчи ташиш фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташувларда белгиланган санитар ҳамда карантин қоидаларга амал қилиш бугунги куннинг долзарб масалалардан бири. Шунинг учун биринчи навбатда белгиланган тартибда йўловчи ташувчи автотранспорт воситаларнинг ташқи ва ички томонларида тозаликка эътибор қаратиш ҳамда дезинфекция-зарарсизлантириш ишларини мунтазам олиб бориш ҳар бир ташувчи корхона раҳбарларининг зиммасидаги вазифасидир. Зеро, йўловчиларга хизмат кўрсатишда сифат даражаси муҳим омиллардан ҳисобланади. Жамоат транспорти ўз номидан келиб чиқиб жамоатга, яъни аҳолига хизмат кўрсатади. Шунинг учун автобусларда, йўналишли ва йўналишсиз таксиларда дезинфекция ишларини олиб бориш шарт ва зарур.

Ушбу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ҳозирги кунда автосаройларда, сўнги бекатларда автобуслар дезинфекция қилинаётган бўлса, Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси ҳамда ИИБ ЙҲХБ инспекторлари барча турдаги йўловчи ташувчи транспорт воситаларида йўловчиларнинг ниқобда бўлишини, автобусларда йўловчиларнинг сони, ижтимоий масофани назорат қилишмоқда. Тиббий ниқобсиз ҳайдовчилар ҳамда йўловчиларга карантин қоидаларига риоя қилиш орқали ўзининг ва оила-аъзоларининг соғилиги ҳақида қайғуриши лозимлиги тушунтирилмоқда.

Шу ўринда барча йўловчилардан карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилишларини, ўз саломатликларига жиддий эътибор қаратишларини сўраб қолган бўлардик. Шу билан биргаликда йўловчи ташувчи транспорт  воситаларидан фойдаланган ҳар бир йўловчига антисептикдан фойдаланишни тавсия қиламиз.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати