ЙЎЛОВЧИ АЙБДОР ЭМАС

Кейинги вақтларда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммолар кўплаб йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Айниқса, автобуслардаги ҳолат юзасидан норозиликлар кучаймоқда.
Муаммоларнинг асл илдизини топиш, юзага келаётган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан Самарқанд вилоят транспорт бошқармасида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат танқидий – таҳлилий жиҳатдан ўрганиб чиқилди. Ишчи гуруҳ томонидан жамоат транспортида йўловчиларга хизмат қилаётган автобусларнинг қўйилган техник талабларга қай даражада амал қилаётганлиги, санитария қоидалари ва меъёрлари, ҳайдовчиларнинг махсус иш кийими билан таъминланганлиги, муамоласи ва бошқа жиҳатлари кўздан кечирилди.
Ўрганиш давомида йўловчи ташишга мўлжалланган автобусларнинг айримлари техник жиҳатдан талаб даражасида эмаслиги кишини ҳайрон қолдиради. Қизиқ, техник жиҳатдан кўрикдан ўтмаган автобус қандай қилиб йўналишга чиқарилди экан? Автобус салонига белгиланган тартибда ўрнатилган ўтиргичлар атайлаб олиб ташланганлигига нима дейсиз? Ёки ўтиргичлардаги ниқоблар эскирганлигидан йиртилиб кетганлиги наҳотки тегишли мутасаддиларнинг назарига тушмаган бўлса? Тозалик ишлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Бундан ташқари йўналиш рақамини кўрсатувчи махсус трафаретлар ўрнига оддий қоғозга саводсизларча ёзилган трафаретлар ойналарга ёпиштирилганлигининг ҳам гувоҳи бўлдик. Баъзи автобуслар тасдиқланган жадваллар асосида эмас, ўзи хоҳлаган йўналишда қатнаётганлигни қандай изоҳлаш мумкин.
Юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликлар, айниқса, “Сухроб транс сервис хату” МЧЖ, “Архедия моторс” МЧЖ, “Афросиёб транс сервис” МЧЖ, “Самарқанд сайқал транс” МЧЖ, “Тoxir - r” xk, “Sevinch trans servis” МЧЖга қарашли автобусларда учрамоқда.
Аниқланган камчиликлар юзасидан Самарқанд вилоят транспорт бошқармасида тезкор йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Ўз ишига совуққонлик билан қараган соҳа мутахассисларига огоҳлантиришлар берилди. Лицензиатларга қўйилган лицензия талаблари ва шартларига риоя этмаганлиги сабабли, юқорида санаб ўтилган корхоналарга берилган лицензия варақаларининг амал қилишини 10 (ўн) иш кунига тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Камчиликларни бартараф этиш ўрнига лоқайдлик қилган мутасадди раҳбарлар зиммасига қоидабузарликларни ўн иш куни ичида бартараф этиш мажбурияти юклатилди. Шунингдек, махсус ишчи гуруҳга соҳадаги камчиликлар бартараф этилмагунча ўрганиш ишларини давом эттириш вазифаси топширилди.
Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси ахборот хизмати