КАСАЛНИ ЯШИРСАНГ, ИСИТМАСИ ОШКОР ҚИЛАДИ

Жамоат транспортига бўлган талаб қанчалик ортиб бораётган бўлса, унинг атрофидаги муаммолар ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш юзасидан соҳага тегишли муаммоларни бартараф қилиш борасида Самарқанд вилоят транспорт бошқармасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 27.05.2020 йил бошқарманинг ишчи гуруҳи томонидан аҳолига хизмат кўрсатувчи автобусларнинг иш фаолияти танқидий таҳлилий назар билан ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида автобуслардаги ҳолат йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги аниқланди. Айниқса, “Азиз авто йўловчи” МЧЖга тегишли 31-рақамли йўналиш бўйича ҳаракатланаётган давлат белгиси 176 ХАА бўлган транспорт воситаси кўздан кечирилганда автобус техник кўрикдан ўтказилмасдан йўналишга чиқариб юборилган. Даҳбет ва Рўдакий кўчаларининг кесишмасида автобусга ўрнатилган сиқилган газ баллонларидан газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автобус аввал техник таъмирга, сўнгра жарима майдонига юборилди.
Бундан ташқари, “Архидея моторс” МЧЖга қарашли йўналишда йўловчиларга хизмат қилиш учун иш бошлаган автобуслар техник талабларга жавоб бермайди, тозаликка эътибор қилинмаган, ҳайдовчилар махсус иш кийимида эмас.
Йўл қўйилган камчиликлар юзасидан тегишли мутасаддиларга огоҳлантиришлар берилди. Келгусида бундай ҳолатлар қайтарилса, лицензияни бекор қилиш чораси ҳақида огоҳлантирилди.