Огоҳлантириш берилди

Самарқанд вилояти Транспорт бошқармасида автобус ва йўналишсиз таксиларнинг фаолиятини ўрганишда тўлдирилаётган баённомаларга нисбатан Маъмурий судлар томонидан киритилаётган тақдимномаларда кўрсатилаётган камчиликлар, Самарқанд транспорт прокуратурасининг Хизмат текширувларини тайинлаш тўғрисидаги талабномалари муҳокамаси ва тизимда коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни Транспорт бошқармаси Автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими бошлиғи Э.Муродов олиб бориб, тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчилик хусусида тўхталди. Хусусан, Самарқанд шаҳар маъмурий судининг 18.02.2020 йилдаги ҳамда Ургут тумани маъмурий судининг 26.02.2020 йилдаги тақдимномасида кўрсатилган камчиликларни ўқиб эшиттириб, судлар томонидан асоссиз деб топилган ва тугатилган маъмурий баённомаларни расмийлаштирган шаҳар ва туманлардаги транспорт сектори инспекторлари С.Баннохонов, Ж.Дусмуродов, Ш.Худойбердиевларга бошқарма бошлиғининг буйруғи билан ҳайфсан эълон қилинганлигини, Самарқанд шаҳар ва Ургут тумани маъмурий судларининг тақдимномаларида кўрсатилган ҳолатларга мувофиқ маъмурий баённомаларни расмийлаштиришда камчиликларга йўл қўйган Автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминланишини назорат қилиш бўлими
1-тоифали инспектори Д.Ахмедов ва шаҳар ва туманлардаги транспорт сектори 1-тоифали инспектори Ф.Мавлонов келгусида шу каби камчиликларга йўл қўйилса уларга нисбатан интизомий жазо чоралар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилганлиги тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига маълум қилди.
Бундан ташқари, Самарқанд транспорт прокуратураси томонидан кўплаб хизмат текширувлари тайинланаётганлиги, мазкур ҳолат инспекторлар томонидан ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндошилмаётганлиги, фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғри ва тўлиқ тушунтирилмаслиги, маъмурий баённомаларни расмийлаштириш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлиги тўғрисида далолат бериши тўғрисида гапириб ўтди.
Шу билан биргаликда Э.Муродов ўз маърузасида, қўшма тадбирлар давомида фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш зарурлигини, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ўша жойнинг ўзида маъмурий баённома расмийлаштирилиши, баённомани расмийлаштиришда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этиш ва иш материалларини пухта тайёрлаш ҳамда зудлик билан тегишли маъмурий судларга юбориш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда Лицензиялаш сектори бошлиғи А.Раджабов сўзга чиқиб, йиғилиш иштирокчиларига баённома ва далолатномаларни расмийлаштиришда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган холда аниқ ва тўғри тўлдирилиши тўғрисида тушунча берди.
Бундан ташқари бошқарманинг Ходимлар бўйича бош мутахассиси Х.Содиқов йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги, давлат органлари ходимларининг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактлари тўғрисида хабар қилиш мажбурияти, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисида батафсил тушунча бериб ўтди. Ўз маърузаси давомида Х.Содиқов йиғилиш иштирокчиларига тасдиқланган Ички меҳнат тартиби ва Одоб-аҳлоқ қоидалари билан йиғилиш иштирокчиларини яна бир бор таништириб ўтди ва уларга қатъий равишда риоя этилишини талаб қилди.
Самарқанд вилоят Транспорт бошқармаси ахборот хизмати