Кейинги пайтлар бекатлардаги муаммолар, санитария-гигиеник ҳолати тез-тез танқид остига олинмоқда. Бундай камчиликларнинг кўтарилиши албатта, яхши.

11.03.2020

Лекин шу ўринда таъкидлаш жоизки, автошоҳбекат ва оралиқ бекатларнинг бугангидек кўриниш касб этишига биз, истеъмолчилар сабабчимиз. Бекатларда туриб сигарет, нос чекадиган, турли хил озиқ ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ўрамларини тўғри келган жойга ташлаб кетадиган аввало, ўзимиз-ку!? Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қурилган бекатларнинг ойналарига турли хилдаги ёзувларни ёзиб кетаётганлар, ким? Халқимизга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида қурилган бекатларга бизнинг муносабатимиз қай даражада?

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор: автобекатларга автомашиналар бирровга қолдириляпти, киракашлар томонидан мижоз олиш мақсадида атайин тўхтатилмоқда. Булар жадвал асосида йўналишларда қатнаётган автобусларга ноқулайликлар туғдирмоқда. Улар йўловчиларни йўлнинг ўртасида туширишга мажбур бўлишаётир.

Айниқса, бундай ноқулайликлар “Ҳазора” автобошбекати, Даҳбед ва Рўдакий кўчалари кесишмаси, “Шодиёна” савдо мажмуаси, деярли барча бозорлар атрофида содир этилмоқда. Баъзи бекатларда кўча савдоси авж олган.

Демак, бу муаммоларни фақатгина ҳокимлик, транспорт, ободонлаштириш ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги идораларига юклаш билан бартараф этиб бўлмайди. Бунда ҳар биримизнинг дахлдорлигимиз, жамоатчилик назорати муҳим аҳамиятга эга.

Самарқанд вилояти Транспорт бошқармаси ахборот хизмати