Эътирозлар муҳокама этилди

Эътибор қилган бўлсангиз, жамоат транспорти, йўналишли ёки йўналишсиз такси хизмати кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда. Кимдир автобус ҳайдовчисининг ҳатти - ҳаракатидан норози бўлса, яна кимдир ўзини кондуктор деб таништирган боланинг бақир-чақиридан... Хуллас, санаб охирига етолмайсиз.
Бу эътирозлар ҳақли, албатта. Юқорида айтиб ўтилган муаммоларнинг асл илдизини топиш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан аҳолига хизмат кўрсатаётган автобусларнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сонли қарори талабларига қай даражада амал қилиш ҳолатлари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўтказилган тадбирлар давомида белгиланган тартиб ва қоидаларга амал қилмаган ҳайдовчиларга нисбатан баённомалар тузилиб, фаолиятига рухсат берувчи лицензияси 10 иш куни мобайнида тўхтатилмоқда.
Шунингдек, транспорт воситаларига қўйилган талабларнинг мазмун-моҳияти, ҳайдовчиларнинг муомала ва кийиниш маданиятига нечоғлик эътибор бериши, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишда яна нималарга эътибор қилиш лозимлиги масалаларида “AZIZ HILOLA AVTO TRANS” маъсулияти чекланган жамиятида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими бошлиғи Э.Муродов Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сонли қарори талабларининг мазмун-моҳияти тўғрисида тушунча берди.
Шунингдек, автобусларнинг техник ва санитар ҳолати, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан белгиланган талаблар асосида ўтказиш, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, шаҳар кўчаларида белгиланган талаб ва қоидаларга риоя қилиш, ҳайдовчилик ва муомала маданиятига эътибор бериш юзасидан танқидий фикрлар ўртага ташланди.
-Биз аҳолига хизмат кўрсатаяпмиз. Уларнинг хавфсизлиги манзилига етгунга қадар зиммангизда эканлиги ҳақида ҳеч қачон ўйлаб кўрганмисиз? Йўловчиларнинг фикрларини эшитмаслик учун ҳоҳласангиз мусиқа товушини қулоқни қоматга келтириш даражасида баландлатасиз, хоҳласангиз сизни инсофга чақирмоқчи бўлган одамни жеркиб берасиз? Хоҳласангиз оралиқ бекатда 10-15 дақиқалаб туриб қоласиз? Бунинг сабаби нимада? Сизга ким бундай ҳуқуқ берган?
Унутманг, сиз хизмат кўрсатаётган ўша йўловчилар азиз инсонлар! Уларни ҳуқуқини паймол қилишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Кўрсатилаётган хизмат эвазига улар ҳақ тўлашмоқда. Ўша тўловнинг орқасидан оила тебратмоқдасиз, -деди Э.Муродов ўз сўзини давом эттираркан. –Бундан ташқари, ташиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш, автотранспорт воситасини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш, уни асраш, техника хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ва ҳайдовчиларни эса тиббий кўрикдан ўтказишга жиддий эътибор қаратиш керак ва шарт. Кўпгина механик ва тиббиёт ходимлари ўз ишини қўл учида бажараётганлиги, корхона раҳбарлари томонидан бу ҳолатга шунчаки кўз юмилаётганлигига нима дейиш мумкин. Бундай лоқайдликнинг охири борми?..
Шунингдек, йиғилишда автобус ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг қўпол равишда бузилаётганлиги, оралиқ бекатлардаги узоқ тўхталишлар ҳақида муҳокама бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ишчи гуруҳи автотранспорт соҳасида иш олиб бораётган тадбиркорларимизни лицензия ва тендер битими шартларини бузганликлари учун кескин чоралар кўрилиши бўйича огоҳлантиради.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати