“Тошкент” автовокзалидан вилоятларга қўшимча автобус қатновлари йўлга қўйилмоқда (манба: mintrans.uz)

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати раҳбариятининг топшириғига биноан жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб барча таълим муассасаларида, жумладан коллеж, лицей ва олий таълим даргоҳларида муддатидан олдин таътил эълон қилинди ва ўқишлар тўхтатилди. Шуни инобатга олган ҳолда талабалар ва йўловчиларнинг ўз вақтида манзилларига етиб олишини таъминлаш бўйича Транспорт вазирлиги зарур чораларни кўрмоқда.
Хусусан “Тошкент” автовокзалидан кунига шаҳарлараро 17 та йўналиш бўйича 35 та қатнов орқали 1800 нафар йўловчи ташилган бўлса, йўловчилар оқимининг бирдан ортиши сабаб 15 март куни “Uzautotrans service” корхонаси яна қўшимча 35 та қатновни йўлга қўйди. Жами 70 та қатнов орқали ҳозирда 4000 нафарга яқин йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.
Республикамиз вилоятларига борувчи йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Тошкент” автовокзали 24 соат давомида узлуксиз фаолият юритмоқда. Йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда “Тошкент” автовокзалидан шаҳарлараро йўналишларда яна қўшимча автобуслар қатнови жорий этилишини маълум қиламиз.