Саломатлик ҳамма нарсадан устун

22.04.2020

Республика махсус комиссияси томонидан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳозирга қадар жорий этилган барча чекловлар 2020-йилнинг 10-майига қадар узайтирилди ва бир қанча янги тартиблар жорий этилди. Хусусан, етказиб бериш хизматини кўрсатувчи лицензиясига эга бўлган, йўналишсиз таксилар ҳайдовчилари “махсус комбинезон” (шахсий ҳимоя кийими), тиббий қўлқоп ва ниқобларда фаолият олиб бориши лозимлиги белгилаб қўйилди.

Шу билан биргаликда санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилиши, ҳайдовчи тиббий кўрикдан, автотранспорт воситаси эса техник кўрикдан ўтказилган бўлиши шарт. Бундай чекловлар ўрнатилишининг асосий сабабларидан бири ҳайдовчи ва у билан мулоқотда бўлаётган шахсларнинг хавфсизлигидир. Бу борада Самарқанд шаҳрида ҳам таҳсинга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Бир қанча автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган корхоналар жорий этилган қоидаларга амал қилишни бошлаб юборишди. Аммо етказиб бериш хизмати билан шуғулланаётган барча ҳайдовчилар белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишмоқдами? Афсуски, йўқ. Орамизда ўзи ва ўзгаларнинг саломатлигига бефарқ кимсалар ҳам бор экан. Уларга соғлик иккинчи даражада эканлигини қилаётган ишларидан билиб олиш мумкин. Етказиб бериш хизмати тўғрисидаги эълонни автомобил ойналарига елимлаб олган “учар акалар”имиз ўзлари билганидек иш тутишмоқда. Ноқонуний одам ташиш фаолиятини олиб бораётганларни айтмаса ҳам бўлади...

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида етказиб бериш хизмати билан шуғулланаётган ҳайдовчиларни Республика махсус комиссияси талабларига қай тарзда амал қилаётганликлари юзасидан қўшма “рейд” ўтказишмоқда. Ўтказилаётган тадбирлардан шу нарса англашиладики, кўпчилик “доставка”чиларимиз ҳали ҳам ўрнатилган чекловлардан “бехабар”. Чунки уларнинг телевизор томоша қилишга вақти, газета ўқишга ҳафсаласи, ижтимоий тармоқлар орқали янгиликлардан хабардор бўлишга мегабайти ЙЎҚ. Акс ҳолда ... ўзлари айтганидек “ҳаётини хатарга қўйиб” кўчага чиқишмасди.

Ўтказилаётган тадбир давомида қоидабузарларга нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, автотранспорт воситалари вақтинча жарима майдонига қўйилмоқда.

Ҳурматли автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар! Агар Сиз Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган карантин тартиб-қоидаларга амал қилмасдан фаолиятингизни давом эттирсангиз кескин қонуний чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирамиз.

Огоҳ бўлинг, инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун эканлигини эсдан чиқарманг!