Маҳаллий экспорт қилувчилар учун қўшимча қулайлик

27.04.2020

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ юк ташиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришни давом эттирмоқда ҳамда кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, экспорт салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси ва қўшни Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлида темир йўл транспорти орқали юк ташишлари фаол ривожланмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ маҳаллий экспорт қилувчилар учун қўшимча қулайликлар яратди, хусусан, Афғонистоннинг Ҳайратон станциясига тезюрар юк поездларининг мунтазам равишдаги қатновини ташкил этди. Юк поездининг бир қисми пойтахтда шакллантирилади ва йўналиш бўйлаб ҳудудларда ҳам шаклланган экспорт юки ортилган вагонлар ҳам мазкур поездга бириктирилади.

Оддий қилиб айтганда, олдинлари Тошкентдан Афғонистонга жўнатилган вагон 5-6 кун ичида етказиб бериларди. Эндиликда эса тадбиркорлар буюртмаларини расмийлаштиргач, Тошкентдан Ҳайратон (Афғонистон) станциясига икки кун ичида юклар тезюрар юк поездларида етказиб берилади.

Шу билан бирга, жорий йил 16 апрелда таркибида 14 вагони бўлган биринчи тезюрар юк поезди Афғонистонга юборилган бўлиб, йўналиш бўйлаб яна қўшимча равишда экспортбоп маҳсулот юкланган 36 та вагон бириктирилди. Бугунги кунга қадар бу каби 4 та поезд ташкил қилинган бўлиб, улар экспортга йўналтирилган миллий иқтисодиёт товарлари юкланган жами 218 вагондан иборат.

Эътиборлиси, мазкур поезд ҳафтасига уч маротаба қатнайди. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ барча турдаги юкларни ташиш учун турли хилдаги юкхоналарни (вагон, контейнер, цистерна ва ҳоказолар) тақдим этади. Тўлов турлари турлича, шу билан бирга транспорт тарифи ўзгаришсиз қолади.

Юкларни ташиш бўйича барча маълумотлар "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ расмий веб-сайтида мавжуд. Шунингдек, ўзингизни қизиқтирган саволлар билан +998-90-938-40-00 рақами орқали Телеграм-мессенжерига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: http://mintrans.uz/