Аҳолига қулай бўлган транспорт тизмини яратиш муҳокама жараёнида

08.06.2021

Самарқанд шаҳрининг транспорт тизимини комплекс режалаштириш мақсадида моделлаштиришни жорий этиш борасида Транспорт вазирлиги ҳамда Россиянинг “А+С транспроект” компанияси ҳамкорликда олиб бораётган ишлар хусусида маълумотлар бериб бормоқдамиз. Транспорт тизимининг тегишли кўрсаткичлари бўйича янгиланиб бориладиган рақамли базани такомиллаштириш, транспорт тизимининг математик моделларини ишлаб чиқиш, шаҳар транспорт тизимини қисқа ва ўрта муддатли режалаштириш механизмини жорий этиш мақсадида мавжуд йўналишлар жойида ўрганилган ҳолда ишлаб чиқилаётган лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиш арафасида.

 

Лойиҳадан ўрин олган йўналишларни яна бир бора кўздан кечириш ҳамда уни шаҳарсозлик қурилиш бош режасига мувофиқлаштириш мақсадида “А+С транспроект” хорижий компанияси мутахассислари соҳага алоқадор ташкилотларда муҳокама жараёнини ўтказди.

 Жумладан, Самарқанд шаҳрининг бош режаси муаллифи ҳамда уни қайта ишлаб чиқаётган “ToshkentboshplanLITI” ДУК Самарқанд филиали раҳбари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг вилоятга масъул ходими билан учрашди. Унда Самарқанд шаҳрининг бош режасига мувофиқ тарзда ишлаб чиқилаётган аҳолига қулай бўлган транспорт тизимини яратиш лойиҳасининг кейинги муҳокамаси бўлиб ўтди.

 

 Муҳокама чоғида транспорт инфратузилмасини тубдан ўзгартириш, автомобил йўлларидаги белгиларни ўрнатишда барча учун қулай тарзда режалаштириш, светофорларнинг ўтказувчанлигини ошириш орқали тирбандликларни камайтириш, йўловчилар оқимидан келиб чиқиб жамоат транспорти ҳаракати йўналишларини тартибга солиш ҳамда ундаги хизмат сифатини яхшилаш муҳим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг кенгайиши ҳисобга олиниб, қамраб олинаётган ҳудудларда транспорт қатновини йўлга қўйиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жараёнда пиёдалар учун хавфсиз кесиб ўтиш йўлакчалари барпо этиш борасида ҳам фикрлар ўртага ташланди.

 

 Худди шундай муҳокама жараёнлари “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ ҳамда “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК мутахассислари билан бўлиб ўтди.

 Бундай муҳокама жараёнларини ўтказишдан мақсад, шаҳарсозлик қурилиш ишлари бош режасига мувофиқ транспорт инфратузилмасини ишлаб чиқишдан иборат.

Учрашувлар давомида “SIMETRA” (“А+С транспроект”) хорижий компанияси мутахассислари томонидан Самарқандда транспорт тизимини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётган лойиҳа тўғрисида батафсил маълумот берилди.