Якка тартибда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга йўловчиларни автомобиль транспортида ташиш фаолияти доирасида ходимларни ишга ёллашга рухсат этилмайди

Аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитларни соддалаштириш, соҳада яширин иқтисодиёт даражасини пасайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021-йил 7-майда “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Эндиликда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланишига рухсат берилди.
Қарорга асосан жисмоний шахслар қуйидаги талаблар асосида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.
Йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти лицензия варақасига асосан амалга оширилади. 21 ёшга тўлган ва бошқарувида аризани бериш вақтида 10 йилдан ортиқ бўлмаган вақт давомида эксплуатация қилинаётган автомобиль транспорти мавжуд бўлган жисмоний шахслар лицензия варақасини «Лицензия» ахборот тизими орқали олиши мумкин.
Якка тартибда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга йўловчиларни автомобиль транспортида ташиш фаолияти доирасида ходимларни ишга ёллашга рухсат этилмайди.
2021 йил 1 сентябргача бўлган даврда давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмайди. Лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида ундирилади. Бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмайди. Қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 3 тоннагача юк кўтариш имкониятига эга автомобиль транспортида юкларни ташиш фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган ставкада тўлайдилар.
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги ташувчилар ўз фаолиятини фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда амалга оширади. Агрегаторлар хизматидан фойдаланишнинг шартларига кўра, якка тартибдаги ташувчи сифатида йўловчи ташишни амалга оширишгда лицензия варақасига эга бўлиши, “Uztrans” ягона интерактив ахборот тизимига уланган махсус текширув пунктларида ойлик тиббий кўрикдан ўтиши, “Аккредитация маркази” ДУКда аккредитациядан ўтган ва “Uztran” ягона интерактив ахборот тизимига уланган техник хизмат кўрсатиш станцияларида 6 ойда камида 1 маротаба техник кўрикдан ўтиши жорий қилинди.
Якка тартибдаги ташувчилар учун автомобиль транспортининг тепасига «TAXI» таниш белгили тўқ сариқ рангли фонарь ўрнатиш, тўловни амалга ошириш, шунингдек, босиб ўтилган йўлни электрон тарзда қайд этиш имкониятини берувчи махсус иловаларга эга мосламалар (шу жумладан уяли телефонлар, планшетлар) бўлиши, автомобиль транспортининг приборлар панелида автомобиль транспортининг давлат рақами, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги ҳужжат (ёки ушбу фаолият турини амалга ошириш учун лицензия/лицензия варақаси) ва ҳайдовчининг телефон рақами кўрсатилган маълумотлар табличкаси мавжуд бўлиши каби талаблар жорий этилади.