ЯНГИ АВИАҚАТНОВ — ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

07.06.2021

“Uzbekistan Airways” AЖ томонидан жорий йилнинг 8 июнь куни “Самарқанд-Олмаота-Самарқанд” йўналишида янги мунтазам авиақатнов йўлга қўйилмоқда. Бу кўҳна кентнинг замонавий ҳаво дарвозасини йирик транспорт ва сайёҳлик хабига айлантириш лойиҳаси доирасидаги яна бир муҳим қадамдир.

Айни кунларда жаҳонда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашиш сари юз тутиши муносабати билан қатор давлатлар ўртасида авиаалоқалар қайта тикланмоқда. Хусусан, Самарқандга амалга оширилаётган махсус (чартер) рейслар ҳам ўз ўрнини мунтазам рейсларга бўшатиб бермоқда. Аэропортда иш яна қизғин паллага кирган, авиақатновлар сони ички ва ташқи йўналишлар ҳисобига ортиб бормоқда.

Миллий авиакомпания томонидан йўлга қўйилган маҳаллий авиақатновлар шулар жумласидан. Бугун улардан фойдаланаётган йўловчилар узоғи билан бир соат ичида республикамизнинг Наманган, Урганч, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига етиб бориши ёки у ердан Самарқандга келиши мумкин. Аҳамиятлиси, мазкур маҳаллий рейслар ҳафтасига бир неча маротаба амалга оширилмоқда.

“Самарқанд-Олмаота-Самарқанд” йўналишидаги янги авиақатнов ҳам йўловчиларда катта қизиқиш ўйғотмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу рейс бир ҳафтада икки маротаба, сешанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Ҳудди шундай, Қозоғистон томонидан “Air Astana” авиакомпанияси ҳам ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунлари Самарқандга мунтазам авиақатновни йўлга қўйишни режалаштирилган. Бу ўз навбатида қардош халқлар ўртасида яхши қўшничилик муносабатларининг янада мустаҳкамлагиши кафолатидир.

Айтиш жоизки, бугун Самарқанд халқаро аэропортида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва модернизация ишлари дунёнинг етакчи авиаташувчилари томонидан юқори баҳоланиб, халқаро ҳамкорлик алоқаларида янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу борада белгиланган чора-тадбирлар доирасида тез орада Самарқанддан Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларига мунтазам авиақатновларни тиклаш режалаштирилган. Бундан ташқари, Мисрнинг “Air Cairo” авикомпанияси билан “Шарм-эш-Шейх – Самарқанд - Шарм-эш-Шейх” йўналишида ҳам янги авиақатнов йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, аэропортда реконструкция ишлари якунланиши билан жорий этилаётган “Очиқ осмон” режими унда барча давлатларнинг самолётларини қабул қилиш, халқаро авиаалоқаларда транзит вазифасини ўташ имкониятини беради. Шу маънода, Самарқанднинг замонавий ҳаво порти ҳудуднинг иқтисодий ўсиш драйвери, янги сайёҳлик марказига айланмоқда, дея айтиш мумкин.

“Samarqand xalqaro aeroporti” МЧЖ матбуот хизмати