"ANKAI" заводининг расмий дилеридан таклиф: Автобусми ёки электробус?

12.07.2021

Давлатимиз раҳбарининг Самарқандга ташрифи давомида белгилаб берган вазифалари ҳамда аҳолининг талабидан келиб чиқиб, қадимий ва ҳамиша навқирон азим шаҳарда жамоат транспортини ривожлантириш борасида талайган ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда саҳифаларимиз орқали маълумот бериб келаяпмиз. Транспорт тизимини ривожлантириш борасида ишлаб чиқилаётган лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб қолди. Энди навбат йўловчилар учун ҳар томонлама қўлайликларга эга бўлган автотранспорт воситалари ҳаракатини йўлга қўйиш.

Ҳозирда мавжуд маънан эскириб бораётган автобусларни замонавий талабларга жавоб бера оладиган автобуслар ёки электробусларга алмаштириш бўйича дунёдаги етакчи автозаводларнинг Ўзбекистондаги расмий ҳамкорлари билан келишувлар олиб борилмоқда.

Шундай учрашувлардан бири Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси биносида бўлиб ўтди. “Sino car in Uzbekistan” масъулияти чекланган жамияти бош таъсисчиси И.Каримов ҳамда сотув ишлари бўйича менежери Қ.Худойбердиевлар Самарқанд шаҳрида йўловчиларга хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига “Ankai” заводида ишлаб чиқарилаётган автобусларни сотиб олишни таклиф қилишди.

Бензин ва сиқилган газ ёқилғиси билан ҳаракатланувчи автобуслар қаторида замонавий электробусларнинг техник томонлари ва сервис хизмат кўрсатиш жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди.

Йиғилишда иштирок этган бошқарма бошлиғи И.Хамраев вилоят миқёсида транспорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва транспорт тизимидаги истиқболли режалар хусусида тўхталди.

Биз биринчи навбатда аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб автобуслар олиб келишимиз керак. Шу билан биргаликда ҳар бир олиб келиниши режалаштирилган автобусларни мутахассисларимиз жойида ўрганади, йиғиш жараёнини кўздан кечиради. Ҳар бир охирги детални жойлашгача бўлган жараён тўлиқ назорат қилиниши лозим. Бу техник томонлари.

Энди масаланинг иқтисодий томонига эътибор қаратсак. Банклар томонидан таклиф қилинаётган тижорат кредитлари учун қўйилган шартларни ҳам инобатга олиш керак. Ёки кўплаб заводлар муайян вақт мобайнида бўлиб тўлаш имкониятини таклиф қилишаяпти. Бу таклиф бизга қандай енгилликлар беради, иқтисодчилар билан биргаликда ўрганиб чиқиш лозим, деди И.Хамраев автокорхоналар раҳбарларига мурожаат қилар экан.

Бундан ташқари, йўловчи ташиш транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритиб, замонавий автобуслар хариди борасида ички имкониятларни ҳисобга олинишини, берилаётган таклифлар чуқурроқ ўйлаб кўрилишини таъкидлаб ўтди.

Музокара жараёнида томонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.