БAA авиакомпаниялари Ўзбекистонга парвозлар сонини оширади

25.05.2021

Жорий йилнинг 19-20 май кунлари Транспорт вазирлигида БAA авиация маъмурияти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, парвозлар частотасини кўпайтириш, янги йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Икки мамлакат авиация маъмурияти вакиллари ўртасида бўлиб ўтган маслаҳатлашувлар якунлари бўйича қуйидаги келишувларга эришилди:

Fly Dubai авиакомпанияси Дубай – Тошкент – Дубай йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 5 тадан 6 та рейсга ошириш;

Air Arabia PJSC авиакомпанияси Шаржа – Тошкент – Шаржа йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 2 тадан 3 та рейсга кўпайтириш;

Air Arabia Abu Dhabi авиакомпанияси эса Aбу-Даби – Тошкент – Aбу-Даби йўналишида парвозлар частотаси ҳафтасига 2 тадан 4 та рейсга қадар кўпайтирилади.

Шунингдек, Wizz Air Abu Dhabi авиакомпаниясига Бухоро ва Урганч шаҳарларига парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Учрашув якунида томонлар келгусида конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш борасида келишиб олдилар.