http://samarkand-transport.uz сайти орқали транспорт инфратузилмасини яратиш билан боғлиқ таклифларни қабул қилиш 2021 йилнинг 1 июнига қадар давом этади.

Самарқанд шаҳри транспорт инфратузилмасини тубдан ислоҳ қилиш борасида Транспорт вазирлиги, Тошкент давлат транспорт университети, Россиянинг “Симетра” компанияси ҳамда Жиззах политехника институти ҳамкорликда иш олиб бораётганлиги ҳақида маълумот бергандик. Ушбу лойиҳа доирасида аҳолининг фикрини ўрганиш ҳамда амалга оширилаётган ишларни ўз вақтида ёритиб бериш учун http://samarkand-transport.uz сайти ишга туширилган. Аҳоли томонидан келиб тушаётган ҳар бир таклиф лойиҳанинг муҳим бир қисмидир. Чунки янгиланган транспорт тизимини яратишда ушбу таклифлар қимматли маълумотлар ҳисобланади.
Сўров бошлангандан буён жами 87 та таклиф келиб тушган. Унинг асосий кўрсатгичи жамоат транспорти тизими зиммаси (55% таклиф) га тўғри келади. Бу жамоат транспорти хизмат сифатини яхшилаш, уни такомиллаштириш ҳамда мавжуд автобусларни янгилаш, ягона электрон тўлов тизимини яратишдан иборат бўлган таклифлардир. Шу билан биргаликда оралиқ регламентларни ўзгартириш, янги трамвай йўналишларини йўлга қўйиш каби масалалар ҳам эътибордан четда қолмаган.
Йўл ҳаракатини ташкил етиш билан боғлиқ 38% ва 5% - умумий характердаги таклифлар эса светофорлар иш тартибини ўзгартириш, шаҳарда транспорт ҳаракати тезлигини камайтириш, йўл ҳаракатини ташкил қилиш соҳасига янгиликлар киритиш ҳисобига тўғри келади. Ҳаттоки, Самарқандда ер ости метро йўли қурилиши бўйича ҳам битта таклиф бор.
Умуман олганда, аҳолининг фаоллиги эвазига ишчи гуруҳига берилган таклифлар келажакдаги янгиланган транспорт тизимини яратишда жуда муҳим рол ўйнайди.
Аҳолидан келиб тушган таклифларда кўча ва йўлакларнинг алоҳида бўлимлари хавфсизлиги, пиёдалар учун хавфсиз ўтиш йўлаклари барпо этилиши, умуман, сайёҳлик нуқтаи назаридан шаҳарнинг транспорт қиёфаси ва жозибадорлигини ошириш каби масалалар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Берилган таклифларнинг барчаси мутахассислар томонидан муҳокама қилиниб, иш жараёнида фойдаланиш учун мастер-режага киритиб борилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Худди шу ўринда барча самарқандликлардан http://samarkand-transport.uz сайти орқали ўз фикрларини қолдиришларини сўраб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз: http://samarkand-transport.uz сайти орқали транспорт инфратузилмасини яратиш билан боғлиқ таклифлар 2021 йилнинг 1 июнига қадар давом этади.
Таклифлар билан ишлашнинг якуний натижалари сўров якунлангандан сўнг сарҳисоб қилинади ва улар ҳақида кейинги янгиликларда маълумот берамиз.